Ўзбекистон | 18:53 / 07.06.2023
17649
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда сувнинг бозор нархи шаклланмаган” — ХВЖ раҳбари

Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева Ўзбекистондаги сув танқислиги ҳақидаги саволга жавоб бериб, сувдан фойдаланувчиларни уни тежашга ундаш учун сувнинг бозор нархини белгилаш кераклигини айтди. “Агар биз сувга қадрлашимиз шарт бўлмаган нарса деб қарасак, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади”, – деди у.

Фото: KUN.UZ

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистонга келди. У 7 июн куни Марказий банкда ўзбекистонлик талабалар билан учрашди. Учрашувда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ва президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов ҳам иштирок этди.

Кристалина Георгиева талабаларнинг Марказий Осиёда сув муаммосини ҳал қилишга оид саволига жавоб бераркан, ХВЖ сув иқтисодиётига эътибор қаратаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Биринчи навбатда, мамлакатларга ушбу ресурс тўғри нархланаётганига эътибор қаратишларини тавсия қиляпмиз”, – деди у.

ХВЖ директорининг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақасида Қирғизистон, Тожикистон, уларнинг қуйи оқимидаги сув манбаларидан фойдаланадиган Ўзбекистон мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ҳамкорликка асосланган ноёб имкониятга эга.

“Мен Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон манфаатларини ифода қиладиган баъзи қўшма лойиҳалар ҳақида эшитиб хурсанд бўлдим. Сув ресурслари борасида биргаликда ишлаб, бирга сармоя киритсангиз, яхши натижаларга эришасиз.

Сувнинг қиймати, ҳимоя қилиш зарурати ҳақида ахборотлардан жамоатчиликни хабардор қилиш кераклигини таъкидлаган бўлардим. Шунингдек, сув ресурсларини бошқаришни жамият даражасига олиб чиқиш керак, чунки ёмғирлар сувини йиғиш учун ҳали кўп иш қилиш керак. Кейин сиз тўпланган сув энг самарали тарзда ишлатилишига ишонч ҳосил қилишингиз керак”, – деди иқтисодчи.

У Ўзбекистонда аллақачон айрим ишлар қилинаётган бўлса-да, бундан ҳам кўпроқ иш қилиш мумкинлигини, Ўзбекистонда ҳали ҳам сув бозори шаклланмаганини таъкидлади.

“Сувга нисбатан яхлит иқтисодий ва сиёсий ёндашув зарур. Ҳали ҳам сувнинг бозор нархи шаклланмаган, бу олдингизда турган ва амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотдир. Бунинг ижтимоий оқибатлари ҳақида ўйлаб, жуда эҳтиёткорлик билан қилиш керак. Ўзбекистонда ҳозирда ижтимоий ҳимоя бўйича яхши натижалар қайд этилган, худди шу ижтимоий ҳимояни мақсадли равишда сувга нисбатан ҳам амалга ошириш мумкин. Аммо шуни айтмоқчиманки, агар биз сувга қадрлашимиз шарт бўлмаган нарса деб қарасак, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади”, – деди Кристалина Георгиева.

Мавзуга оид