Таҳликаларга тўлган бу даврда ҳар бир жамият ўз ҳавфсизлигини ўйлаши керак, хусусан озиқ-овқат хавфсизлигини. Икки қадам олдинга қараш вазифага айланяпти. Kun.uz Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига сафар уюштириб, иссиқхоналарнинг бешинчи авлоди билан танишди. Юқори технологик комплекс ташқи муҳит таъсиридан айри ҳолда маҳсулот етиштириш имконини беради.

Келажак устимизга бостириб келяпти. Кеча фақат хаёлда бўлган нарсалар бугун кўз ўнгимизда. Дунё шиддат билан ўзгариб боряпти ва ортда қолиб кетаётганларга ҳавас қилиб бўлмайди. Улар эртага ўзгаларга қарам бўлади. Шу учун ҳам ҳар бир жамият эсини йиғиб олиши ва ривожланиши керак.

Биз Ўзбекистондаги иссиқхоналар билан боғлиқ вазиятни кўрсатган эдик. Ҳукумат ҳозир вазиятни яхшилашга уриняпти. Биз эса иссиқхоналар мавзусини давом эттирамиз. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, геосиёсий нотинчлик. Бундай вазиятда ҳар бир халқ эртасини ўйлаши керак, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини. Бугун сизга иссиқхоналарнинг бешинчи авлодини кўрсатамиз. Биз Қозоғистоннинг Ақтўбесидамиз.

Иссиқхоналар эволюцияси оддийгина конструкциялардан бошланиб, юқори технологик, автоматлашган комплексларга айланиб боряпти.

Юқори ҳосилдорлик ва саноат миқёси

10 гектар майдонда бешинчи авлод иссиқхонаси жойлашган бўлиб, йиллик умумий ҳосили 8500 тоннани ташкил этади. Бу бир гектардан ўртача 850 тонна маҳсулот деганидир. Иссиқхона ҳар бири беш гектардан иборат иккита блокка ажратилган ва ҳар бир блокда ўзига хос шароитлар яратилган.

Битта блокнинг ўзидан тўққиз ой давомида ҳар икки кунда 22 тонна маҳсулот олинади. Бундай йирик ҳажмдаги барқарор ишлаб чиқариш тадбиркорга бозор шароитларини ўзи белгилаш имконини беради.

“Агар сиз бир теримда битта юк машинасини тўлдирадиган ҳажмда маҳсулот сота олсангиз, демак, нархни ҳам сиз белгилайсиз, воситачилар эмас. Бу эса сизга Россия ёки бошқа давлатлар супермаркетлари билан тўғридан-тўғри ишлаш имконини беради”, — дея таъкидлайди “KUBO GROUP” компаниясининг сотув менежери Ботир Солиев. Бу саноат даражасидаги ёндашув бўлиб, лойиҳа камида 10 йиллик истиқболни, жумладан, энергия ва бошқа ресурслар нархларининг ўзгаришини ҳам ҳисобга олган ҳолда тузилади.