Жаҳон | 23:39 / 19.02.2018
5778
2 дақиқада ўқилади

Суматрада Синабунг вулқони отилди

Индонезиянинг Суматра оролида Синабунг вулқони отила бошлади. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар бермоқда

19 февралда вулқон 5 км баландликка кул устунини отган. Кул булути 5 км гача тарқалган.

“Бу отилиш жорий йилдаги энг баланди бўлди”, деб айтилган хабарда. Маълум қилинишича, вулқон отилиши Шимолий Суматра вилоятидаги авиаалоқага таъсир кўрсатмаган.    

Шу билан бирга Австралиянинг вулқон кули бўйича маслаҳат маркази вулқон отилиши билан боғлиқ ҳолда авиация учун қизил даражадаги тревога эълон қилган.

Синабунг вулқони баландлиги денгиз сатҳидан 2 км 460 метрни ташкил қилади. Вулқоннинг 400 йил ичида илк отилиши 2010 йилда юз берган, кейин эса кул отилишлари 2013 ва 2014 йилларда такрорланган. Вулқон отилиши 2014 йил ёзида қайд қилинган. 2015 йил июнда вулқон атрофидаги ҳудуддан 6 минг киши эвакуация қилинган.

Индонезия “Тинч океани оловли ҳалқаси” деб аталувчи кучли тектоник ёриқнинг бир қисми ҳисобланади. Бунда Ҳинд океани тубини шакллантирувчи плита Суматра жойлашган Осиё плитаси тагига кириб боради. Бунда тўпланувчи энергия улкан кучдаги зилзилалар ва вулқонлар отилиши кўринишида ташқарига чиқади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид