Жаҳон | 16:08 / 01.03.2026
11714
7 дақиқада ўқилади

Али Хоминаий ўлими: Эронда режим ўзгарадими?

Али Хоминаий ўлими ортидан Эронда фақат олий раҳнамо алмашиши эмас, балки бутун тизим тақдири ҳам савол остида қолди. Сиёсатшуносларга кўра режим ўзгарса ҳам тўқсон миллионлик Эрон жамияти АҚШ ва Исроилга нисбатан ишончсизлик кайфияти билан тўйинган.

Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақида сўз юритди.

Оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ҳалок бўлди, Эрондаги режим масаласи сўроқ остидами?

Камолиддин Раббимов: Американинг ўзида ҳам экспертлар фикрига қулоқ солинса, бу ҳали конфликтнинг бошланиши холос. Агар Америка Имом Хоминаийни йўқ қилиш орқали сиёсий тизим ўзгаради деб ўйлаган бўлса, бу нотўғри ёндашув.

Ироқ ва Афғонистон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳокимиятни ағдариш осон, аммо ундан кейинги вазиятни назорат қилиш ниҳоятда қийин.

Эрон эса 90 миллиондан ортиқ аҳолига эга катта жамият бўлиб, унинг тафаккури Америкага ишончсизлик ва Исроилга нисбатан салбий муносабат билан тўйинган.

Тўғри, жамиятнинг катта қисми эркинликни истайди. Бироқ бу эркинлик йўлида улар ўзининг диний ва маданий ўзлигини, мусулмонлик ва шиалик идентитетини тарк этмайди.

Шунинг учун, эртага ҳокимиятга ким келишидан қатъи назар қисқа муддатли ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Аммо агар сиёсий тизим халқ иродасига боғлиқ бўлса, Исроилга нисбатан салбий муносабат барибир сақланиб қолади. Буни Ироқ, Сурия ва Ливия мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу давлатларда сиёсий тизимлар издан чиққан бўлса-да, жамиятнинг Исроилга муносабати ўзгармаган.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда Американинг ўзида ҳам жамоатчилик фикри ўзгариб бормоқда. Илгари америкаликларнинг 70-80 фоизи Исроилни асосий иттифоқчи деб билган ва уни қўллаб-қувватлаш зарур деб ҳисоблаган. Аммо охирги ойларда Фаластинга нисбатан ҳамдардлик ортиб, Исроилга ишонч пасаймоқда.

Имом Хоминаийнинг саҳнадан кетиши муайян трансформацияни бошлаб бериши мумкин. Аммо ҳозирча сиёсий тизим қулайди, деб айтиш қийин. Кўплаб экспертлар ҳам шундай фикрда. Чунки бундай тизимни ағдариш учун кенг кўламли, тўлақонли уруш талаб этилади.

Эрондаги сиёсий тизим чуқур илдизларга эга, унда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, мудофаа вазирлиги ва бошқа куч тузилмалари мавжуд. Уларни бутунлай йўқ қилиш учун узоқ ва мураккаб ҳарбий жараён керак бўлади. Бу тизим Саддам Ҳусайн давридаги Ироқдан фарқ қилади, у ерда якка шахс диктатураси бўлган ва тез қулаган.

Эронда эса тизим анча мураккаб ва мафкуравий асосга эга. Унинг илдизлари чуқур. Шу билан бирга, келажакда ҳокимиятга келадиган шахсларнинг дипломатик ёндашуви бошқача бўлиши мумкин.

Имом Хоминаий шахсига келсак, у ўзини “шаҳид бўлишга тайёр” деб таъкидлаган. Ҳатто бир неча ой олдин унинг Россияга кетиши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди, аммо Эрон расмийлари буни рад этиб, аксинча, фидойиликка тайёр эканини билдирган.

Бу шундай сиёсий тизимки, унинг асосида диний эътиқод ётади. Худога ишонадиган инсон ўлимдан қўрқмайди. Бу тизим дунёвий эмас, балки диний қадриятларга таянган. Унинг рамзий марказида эса Имом Ҳусайн рамзи туради, зулмга қарши кураш ва шаҳидлик тимсоли сифатида.

Шу сабабли, ушбу конфликт ҳали узоқ давом этиши ва мавжуд сиёсий тизим сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. Аммо келажакда ҳокимиятга ким келиши ва у қандай сиёсат юритиши ҳозирча очиқ савол бўлиб қолмоқда.

Шуҳрат Расул: Ҳарбий қаршилик масаласига реалистик ёндашиш керак. Ғарб разведкалари бир неча бор Эронда 1500-2000 атрофида баллистик ракета борлигини таъкидлаган. Агар кунига 100 тадан ракета ишлатилса, бу захира тахминан 15 кунга етади. Кунига 50 тадан ишлатилса бир ойга, 25 тадан ишлатилса икки ойга етиши мумкин.

Ҳозирда 500 га яқин нишонга зарба берилгани айтилмоқда. Бу зарбалар асосан давлат объектлари, радар тизимлари, алоқа воситалари ва ҳарбий заводларга қаратилган. Катта эҳтимол билан ракета ишлаб чиқарувчи заводларнинг ҳам асосий қисми йўқ қилинган. Чунки ҳар бир “Тоmahawk” ракетаси қарийб 450 кг портловчи юк билан зарба беради. Агар ҳар бир заводга камида икки ракета йўналтирилган бўлса, уларни тез тиклаш деярли имконсиз. Шу сабабли, Доналд Трампнинг “энди тикланиш учун узоқ йиллар керак бўлади” деган фикри бежиз эмас.

Ҳарбий мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, Эрон АҚШга қандай қаршилик кўрсатиши мумкин?! Ҳозирги шароитда ҳаво ҳудуди тўлиқ АҚШ ва Исроил назоратида. Ҳаво мудофааси тизими деярли ишдан чиққан. Қолган кичик қаршилик ўчоқлари ҳам қисқа вақт ичида бостирилиши мумкин. Бундай вазиятда самарали ҳарбий қаршилик кўрсатиш деярли имконсиз.

Сиёсий тизим масаласида мен Эронни кўпроқ персоналистик давлат деб ҳисоблайман, яъни унда раҳбар шахсининг роли жуда катта. Иқтисодий ҳолат ҳам жиддий эътиборга лойиқ. Масалан, 7 январ куни 1 АҚШ доллари 1 миллион 400 минг риал бўлган бўлса, орадан икки ой ўтмай бу кўрсаткич 1 миллион 660 минг риалга етди. Яъни миллий валюта яна қарийб 15 фоизга қадрсизланди.

Буни фақат ташқи санкциялар билан изоҳлаб бўлмайди. Муаммонинг бир қисми ички иқтисодий сиёсат билан ҳам боғлиқ.

Мамлакатда тўлиқ эркин бозор иқтисодиётига рухсат берилмаган, тизим кўпроқ давлат капитализмига асосланган. Асосий ресурслар айниқса нефт ва газ соҳаси давлат назоратида, рақобатли бозор шаклланмаган. Натижада иқтисодий муаммолар ҳал бўлиш ўрнига янада чуқурлашмоқда. Агар ҳозирги тизим ўзгармаса, ҳатто ҳокимиятга раҳбарнинг ўғли ёки унга ўхшаш сиёсий қарашдаги шахс келса ҳам, на иқтисодий, на сиёсий тизимда жиддий ўзгариш бўлмайди.

Бундай шароитда ички бўлиниш кучаяди. Амалда жамиятнинг сезиларли қисми ҳозирги режимдан норози. Сўнгги норозилик намойишлари ва қурбонлар бунинг яққол исботи бўлиб, бу фактни инкор этиб бўлмайди.

Шу нуқтада ягона муқобил йўл сифатида ислоҳотлар варианти пайдо бўлади. Масалан, Пизишкиён президентликка келишидан олдин Ғарб, жумладан, АҚШ ва ҳатто Исроил билан муносабатларни яхшилаш, санкцияларни юмшатиш ва нефтни бозор нархида сотиш орқали иқтисодиётни тиклаш ҳақида ваъда берган эди. Ҳозирда Эрон нефтни асосан Хитойга арзон нархда сотмоқда.

Агар Пизишкиён реал ваколатга эга бўлса ва диний-сиёсий элита унга етарли эркинлик берса, у иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб, бозор механизмларини жорий этиши ва вазиятни қисман яхшилаши мумкин.

Акс ҳолда, яъни ҳозирги сиёсат давом этса ёки унга яқин қарашдаги кучлар ҳокимиятда қолса, режим маълум вақтгача сақланиб туриши мумкин. Аммо узоқ муддатда жамият босими остида бу тизим барибир ўзгаришга мажбур бўлади.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид