Жаҳон | 20:14 / 31.05.2026
2879
2 дақиқада ўқилади

Францияда оздирувчи дори сотиб олганларнинг харажатлари қоплаб берилади

2024 йилда ўтказилган миллий эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра, Франция аҳолисининг тахминан 18 фоизи, яъни қарийб 10 миллион киши семизликдан азият чекмоқда.

Фото: Getty Images

Францияда 15 июндан бошлаб вазн камайтириш учун қўлланиладиган дори воситалари харажатларини қоплаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Стефани Рист маълум қилди.

Мамлакатда вазн камайтиришга мўлжалланган Wegovy ва Mounjaro каби препаратлар харажатлари қопланади. Шу тариқа Франция Европада бундай дори воситалари нархини давлат ҳисобидан тўлайдиган биринчи мамлакатга айланади.

Стефани Ристнинг таъкидлашича, расман компенсация даражаси 65 фоизни ташкил этади. Бироқ беморларнинг аксариятида гипертония ёки қандли диабет каби йўлдош касалликлар бўлгани учун амалда уларнинг харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.  

Wegovy препарати Novo Nordisk компанияси томонидан, Mounjaro эса Eli Lilly and Company томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, улар вазн камайтириш учун мўлжалланган янги авлод препаратлари ҳисобланади.

Бу дориларнинг юқори нархи семиришдан даволаниш имкониятини чеклаб келаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади.  

2024 йилда ўтказилган миллий эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра, Франция аҳолисининг тахминан 18 фоизи, яъни қарийб 10 миллион киши семизликдан азият чекмоқда.

Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқида 16 ёшдан катта аҳолининг тахминан 51 фоизи ортиқча вазнга эга.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид