Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия тарихчилари Қирғизистондаги дарсликлардан “Россия мустамлакаси” иборасини олиб ташлашни сўради
Москвада ўтган йиғилишда Россия тарихчилари қирғизистонлик ҳамкасбларидан қирғиз дарсликларида Россия империяси ва СССРга нисбатан “мустамлакачилик” атамасини ишлатишдан воз кечишни сўради. Улар муқобил сифатида “маъмурий бошқарув” атамасини қўллашни таклиф қилган. Бунга жавобан Қирғизистон ФА Тарих институти директори Россиянинг сиёсати барча белгиларига кўра мустамлакачилик бўлганини айтди.
18 май куни Москва шаҳрида Россия–Қирғизистон эксперт-маслаҳатлашув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда россиялик ва қирғизистонлик тарихчилар иштирок этди.
Бу кенгаш 2025 йилда икки давлат ўртасида тузилган англашув меморандуми асосида ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади – икки мамлакатнинг умумий тарихини дарсликларда очиб бериш йўналишидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Йиғилиш ташкилотчиси – Россия ҳарбий-сиёсий жамияти хабарига кўра, ҳозирда томонлар бир-бирларидаги мактаб тарих дарсликларини ўрганиб чиқиш жараёнини якунлаган. Энди тарихий жараёнлар бўйича дарсликлардаги позицияларни бир-бирига яқинлаштириш борасида муҳокамалар кетмоқда.
“Ҳозир халқларнинг тарихий хотирасини қайта шакллантириш бўйича глобал қарама-қаршилик, глобал кураш кетяпти. Ўйлайманки, тарих бўйича Россия–Қирғизистон эксперт-маслаҳатлашув кенгашининг бугунги йиғилиши – ана шу курашнинг бир қисми. Биз бирга бўлишимиз керак. Бизда умумий позициялар бўлиши лозим. Умумий бўлмаса, позицияларимизни яқинлаштиришимиз зарур. Биргаликда умумий ёндашувлар ишлаб чиқиладиган бундай муҳим учрашувга бизни таклиф қилганингиз учун шахсан ўзим ва делегация номидан яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, – деган Қирғизистон Миллий фанлар академияси Тарих институти директори, кенгашнинг қирғизлар томонидан координатори Аблабек Асанканов.
Йиғилишда Россия томони ўз тарих дарсликларига қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовни киритишини маълум қилган.
“Бугун биз ҳар қанақа масалаларни, шу жумладан унчалик ёқимли бўлмаган мавзуларни ҳам муҳокама қилдик, чунки баъзи тарихий баҳолар ҳақиқатан ҳам фарқ қилади. Лекин энг асосийси, бизнинг қирғиз дўстларимиз ва елкадошларимиз 1990-йилларда кўп маънили нарсалар йўқотилганини тушуниб туришибди”, – деган РФ президентининг гуманитар соҳадаги давлат сиёсати бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Россия ҳарбий-сиёсий жамияти раиси ўринбосари Николай Овсиенко.
“Коммерсантъ”нинг ёзишича, йиғилишда Россия тарихчилари қирғизистонлик ҳамкасбларидан қирғиз дарсликларида Россия империяси ва СССРга нисбатан “мустамлакачилик” атамасини ишлатишдан воз кечишни сўраган.
Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими Андрей Биков қирғиз дарсликларида Россия империяси ва СССР даврига нисбатан “мустамлакачилик” атамаси ишлатилганини “модага берилиш” деб атаган. Унинг хавотирига кўра, бу атама “салбий маънога эгалиги” туфайли “ёш авлод”нинг “ҳиссиётлари”га таъсир қилади.
“Агар "мустамлакачилик"ни ёки "мустамлака сиёсати"ни "маъмурий бошқарув" ва "маъмурий бошқарув чоралари" деб алмаштирсак, турган гапки, айрим нарсалар дарров ўз рангини ўзгартиради”, – деган Биков.
Унинг қўшимча қилишича, Россия томони Қирғизистонга “дарсликни қандай қилиб тўғри ёзиш”ни ўргатишга уринаётгани йўқ. У ҳар иккала мамлакат тарих дарсликларидаги “қандайдир баҳсли ибораларни олиб ташлаш”га чақирар экан, “бу иккала мамлакатнинг ҳам суверенитети ёки миллий манфаатларига зарар келтирмайди, аксинча, ЕОИИ ва КХШТ доирасидаги умумий манфаатларни қўллаб-қувватлаши”га ишонтирмоқчи бўлган.
“Андрей Юрьевич, мен очиғини айтаман: сиз бизнинг олдимизга "мустамлака" сўзидан воз кечишдек ўта қийин вазифани қўймоқдасиз. Бу жудаям мураккаб”, – дея жавоб берган қирғиз делегацияси раҳбари Аблабек Асанканов.
Асанканов мустамлакачиликнинг “учта асосий белгиси”ни санаб ўтган. Унинг таъбирича, бу белгилар – мустақилликнинг йўқлиги, мамлакат табиий бойликлари ва меҳнат ресурсларидан фойдаланилиши ҳамда мустамлакачи давлатнинг манфаатларида олиб борилган кўчириш сиёсатидан иборат.
Қирғизистонлик тарихчи “буларнинг ҳаммаси рўй бергани”ни айтган, шу билан бирга, бу масалаларнинг барчасини “муҳокама қилиш кераклиги”ни қайд этган.
Шундан кейин россиялик тарихчилар “мустамлакачилик ("колониализм") сўзи рус ва инглиз тилларида мутлақо бошқа-бошқа маъноларга эга” дея, қирғизистонлик ҳамкасбларини ишонтиришга уринган.
Хусусан, РФ президенти администрацияси ходими Владислав Кононовнинг иддаосига кўра, Британия ва Россия мустамлакачилигини “ўзаро таққослаб бўлмайди”, чунки “улар мутлақо бошқа-бошқа нарсалар”.
“Ижтимоий муносабатларга лупа орқали назар ташласангиз, у ерда қанақа бўлган-у, бу ерда қанақа бўлган – фарқи катта”, – деган Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори Аликбек Аликберов.
Аликберов АҚШда ишлаб чиқилган машҳур сунъий интеллект чатботини “буржуйларнинг ChatGPTси, Американинг агенти” деб атаб, ундан қайси давлатлар мустамлакачилар эканини сўрашни таклиф қилди. Унинг фикрича, ChatGPT берадиган рўйхатда Россия бўлмайди.
“Бунинг сабаби биз яхши бўлганимиз учун эмас. Агар бизда ҳам Шимолий Муз океани эмас, илиқ денгизларга чиқиш имкони бўлганида, ишончим комил, биз ҳам эҳтимол ўз колонияларимизни яратган бўлардик – шундай бўлганида, ёмон бўлмас эди. Лекин агар сиз бизни колониал империя бўлган, ўзингизни эса колония бўлган деб ҳисобласангиз, у ҳолда биз Турк ҳоқонлиги масаласини қўямиз ва сизлар бизни колония қилгансизлар, деймиз. Лекин бунақа ёндашувда, анча ичкарига кириб кетамиз”, – деган Россия ФА Шарқшунослик институти директори.
Якунда томонлар мулоқотни давом эттириш ва “умумий тарихнинг асосий жиҳатлари”ни ажратиб олиб, улар бўйича нуқтайи назарларни “яқинлаштириш”га келишиб олган.
Аввалроқ Россия маориф вазири Сергей Кравцов Дума мажлисидаги чиқишида МДҲга аъзо айрим давлатларнинг тарих дарсликларида Россияга нисбатан салбий муносабат борлигидан шикоят қилган эди. Вазир МДҲ давлатларидаги ҳамкасблари билан “ягона тарихий ўтмишни талқин қилиш бўйича ёндашувларни келишиш устида” ишлаётганини айтганди.
Ўшанда Kun.uz хабар берганидек, Россия империяси Тошкентни босиб олганининг 160 йиллиги муносабати билан ўзбекистонлик тарихчилар ўтказган илмий анжуман Кравцовнинг баёноти билан қарийб бир вақтга тўғри келган эди. Анжуманда 1865 йилда Тошкентнинг эгалланиши узоқ вақт давомида босқинчилар манфаати нуқтайи назаридан ёритиб келингани таъкидланганди.