Жаҳон | 20:09
692
2 дақиқада ўқилади

БМТ Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон тайёрлаган резолюцияни қабул қилди

БМТ Бош Ассамблеяси Қирғизистоннинг «Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш» резолюциясини консенсус билан қабул қилди.

Фото: БМТ

Ҳужжатга 40 дан ортиқ давлат ҳамҳомийлик қилди. Резолюция Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан биргаликда тақдим этилди.

Ҳужжатнинг асосий мақсади минтақа давлатларининг тарихий ютуғи - БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ нозик масалаларни тинч йўл билан (мулоқот, музокаралар ва бошқа ўзаро келишилган усуллар орқали) ҳал қилиш қобилиятини жаҳон ҳамжамияти билан баҳам кўришдан иборат.

Резолюция оддий ва универсал тамойилни таклиф қилади: мамлакатлар чегара низоларига дуч келганда, кейинги ҳаракат тинч, қонуний ва мулоқотга асосланган бўлиши керак.

«Резолюцияда қайд этилган Марказий Осиё ютуқлари бутун халқаро ҳамжамият учун конструктив намуна, яхши қўшничилик муносабатлари модели ҳамда минтақа давлатларининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси бўлиб хизмат қилади», дейилади хабарда.

Қирғизистон ТИВ қўшимча қилишича, резолюциянинг қабул қилиниши Қирғизистон ва минтақа мамлакатларининг ўнлаб йиллар давомида ечим топмаган ўткир масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш қобилиятининг яна бир тасдиғи ва эътирофидир.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид