Жаҳон | 17:33 / 29.03.2026
11155
5 дақиқада ўқилади

Эрон Америка десантчиларига «олов ёмғири»ни ваъда қилмоқда

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф Эрон қўшини «Америка аскарлари қуруқликка тушишини кутиб тургани, шундан кейин уларнинг устига олов ёғдириши» ҳақида гапирди. Америка нашрларига кўра, Пентагон Эронда қуруқлик амалиёти ўтказишга тайёрланмоқда, лекин бу ғоя ҳали президент Доналд Трамп томонидан маъқуллангани аниқ эмас.

NurPhoto via Getty Images

Эрон босқинчиларга зарба беришга тайёр

Эрон нашрлари, жумладан, IRNA ахборот агентлиги мамлакат парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг урушнинг биринчи ойига бағишланган мурожаатини эълон қилди.

Ғолибоф Эрон раҳбариятининг омон қолган энг нуфузли вакилларидан бири ҳисобланади. Аввалроқ у АҚШ билан урушни тугатиш бўйича қандайдир алоқаларни сақлаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо унинг ўзи буни рад этган.

Ғолибоф ўз мурожаатида «душман музокараларга тайёрлигини ошкора билдираётган бўлса-да, зимдан қуруқликдаги ҳужумга тайёргарлик кўраётгани» ҳақида гапирган. У АҚШ «15 банддан иборат рўйхатни тақдим этиб, ўз талабларини баён қилаётгани ва уруш давомида эриша олмаган нарсаларига эришишга интилаётгани»ни таъкидлаган.

«Эрон қўшини Америка аскарлари Эрон тупроғига қадам қўйишини ва уларнинг устига олов ёғдиришни кутиб турибди», – деган Ғолибоф.

Эрон таслим бўлишни истисно этган ва Теҳроннинг позицияси «аниқ»лиги ҳамда мамлакат «камситишлар»ни қабул қилмаслигини билдирган.

Минтақага Американинг янги кучлари етиб келди

Аввалроқ АҚШ минтақага USS Tripoli ҳарбий кемасида 3,5 мингга яқин ҳарбий етиб келганини маълум қилганди. Washington Post нашри Пентагон Эронда бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган қуруқликдаги операцияларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган.

Шу билан бирга, Доналд Трамп уларни маъқуллаш-маъқулламаслиги ҳозирча аниқ эмас. Март ойи бошида Трамп журналистлар билан учрашувда «ҳеч қаерга қўшин юбормаслиги»ни айтган, шу билан бирга, шундай қарорга келадиган бўлса, бу ҳақда расман маълум қилишини билдирганди.

USS Tripoli десант кемаси, 17 март куни олинган фотосурат. Фото: Reuters

Жума куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио АҚШ Эронда «қуруқликдаги қўшинларни жалб қилмасдан» ўз мақсадларига эриша олишини айтиб чиқди. Унинг изоҳлашича, Форс кўрфазига ҳарбийларни жойлаштириш Трампга турли вариантларни тақдим этиш учун мўлжалланган: «Биз ҳар доим президентга... кутилмаган вазиятларга жавоб бериш учун максимал имкониятларни тақдим этишга тайёрмиз».

Исроил Теҳрон бўйлаб зарба йўллади

Исроил мудофаа кучлари Теҳронга вақтинчалик қўмондонлик пунктлари ва қурол ишлаб чиқариш объектларига йўналтирилган навбатдаги зарбалар сериясини якунлаганини маълум қилди.

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, Эрон режими аввалги объектлар зарбага учраганидан кейин қўмондонлик пунктларининг бир қисмини мобил режимга ўтказган. Исроил ҳарбийлари таъкидлашича, улардан бир нечтаси йўқ қилинган.

Зарбалар штабларда ишлаётган қўмондонларга қарши қаратилгани қайд этилган.

Форс кўрфази мамлакатлари бўйлаб зарбалар

Сўнгги 24 соат ичида минтақага бир неча бор ҳужум уюштирилди, жумладан, энг муҳим инфратузилма объектларига зарба остида қолди.

Саудия Арабистони мудофаа вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги хабарига кўра, сўнгги бир неча соат ичида мамлакат ҳудудида 10 та дрон уриб туширилган. Форс кўрфазининг бошқа давлатлари, жумладан БАА ва Кувайт ҳам ўз ҳудудларига тунги ҳужумлар ҳақида хабар берган.

Шанба куни Бирлашган Араб Амирликлари сўнгги ҳафталардаги энг йирик ракета ҳужумини бошдан кечирди. Emirates Global Aluminium компанияси маълум қилишича, унинг Абу-Дабидаги йирик заводи вайрон бўлган ва жиддий зарар кўрган, бир неча ишчи жароҳат олган.

Кувайтда халқаро аэропортдаги радиолокация тизими жиддий шикастланган.

Шунингдек, жаҳондаги энг йирик алюминий ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Aluminium Bahrain (Alba) заводи ҳам жиддий зарар кўрган.

Alba компанияси Эроннинг алюминий заводига ҳужуми оқибатида икки ишчиси енгил яраланганини хабар қилган.

Аввалроқ Alba Ҳўрмуз бўғози ёпилиши туфайли юзага келган узилишлар фонида «бизнеснинг узлуксизлигини таъминлаш» мақсадида умумий ишлаб чиқариш қувватининг 19 фоизини ташкил этувчи учта ишлаб чиқариш линиясини тўхтатганини маълум қилганди.

Покистонда Яқин Шарқ мамлакатлари музокаралари бўлиб ўтади

Форс кўрфази мамлакатлари келгусида Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича ҳар қандай музокараларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишдан манфаатдор.

Якшанба куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Миср, Покистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари иштирокида Исломободда бўлиб ўтадиган музокараларга қўшилди, музокаралар икки кун давом этиши кутилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид