Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп F-15 учувчилари қутқарилганини эълон қилди
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат қуролли кучлари «АҚШ тарихидаги энг дадил қидирув-қутқарув амалиётларидан бири»ни ўтказгани ва Эрон осмонида уриб туширилган F-15 қирувчиси экипажи аъзоси бўлган америкалик ҳарбий қутқарилгани ҳақида маълум қилди.
«Бу жасур жангчи фронт чизиғи ташқарисида, Эроннинг маккор тоғларида, соат сайин яқинлашиб келаётган душманлар таъқиби остида эди. Аммо у ҳеч қачон ёлғиз қолмаган, чунки унинг бош қўмондони, мудофаа вазири, штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг раиси ва сафдошлари тун-у кун унинг қаердалигини кузатиб, уни қутқаришга астойдил ҳаракат қилишди», – дея ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида.
У ўз топшириғи билан америкалик ҳарбийларни қутқариш учун жаҳондаги «энг ажалвор қуроллар билан жиҳозланган» ўнлаб самолётлар юборилганини таъкидлаган. Оқ уй раҳбари аниқлик киритишича, учувчи жароҳатланган, аммо «у билан барчаси жойида бўлади».
У АҚШ ҳарбийлари бундан олдинроқ уриб туширилган қирувчи самолётнинг бошқа учувчисини ҳам қутқарганини қўшимча қилган. Трампнинг сўзларига кўра, иккинчи амалиётнинг боришига таъсир қилмаслиги учун бу маълумот ҳақида расман эълон қилинмаганди. Америка президенти бу «америкалик икки учувчи душман ҳудуди ичкарисида алоҳида амалиётлар орқали қутқарилиши билан боғлиқ тарихдаги илк ҳолат» эканини қайд этган. Қутқарув амалиёти чоғида америкалик ҳарбийлардан ҳеч бири жароҳатланмаган.
The New York Times нашри қирувчи экипажи аъзолари қутқарилишини америкалик ва эронлик ҳарбийлар ўртасидаги «икки кунлик ҳаёт-мамот пойгаси» деб атаган. Америкалик иккинчи учувчи 24 соатдан ортиқ вақт мобайнида тоғ-у тошлар орасида эронлик ҳарбийлардан яшириниб ётган, унинг ёнида фақат тўппонча бўлган. Унинг қаердалигини америкаликлар ҳам, эронликлар ҳам олдиндан билишмаган. NYT маълумотига кўра, Марказий разведка бошқармаси Эрондагиларни чалғитиш учун учувчи қутқарилгани тўғрисида ёлғон маълумот тарқатган. Кўп ўтмай МРБ ҳарбийнинг жойлашувини аниқлаган ва бу маълумотни Пентагонга етказган, дейди газета манбалари.
Зобитни қутқариш бўйича амалиётда махсус топшириқли бўлинмаларнинг юзлаб жангчилари ҳамда бошқа ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Американинг ўнлаб жанговар самолётлари ва вертолётлари иштирок этган. NYT суҳбатдошининг сўзларига кўра, Американинг штурмчи самолётлари Эрон отрядларини учувчи яширинган ҳудудга яқинлаштирмаслик мақсадида ўт очган.
3 апрел куни The New York Times, Axios ва бошқа нашрлар Эронда Американинг F-15 русумли қирувчиси қулагани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ Ҳўрмуз бўғози ҳудудида A-10 Thunderbolt II русумли самолёт ҳам ҳалокатга учрагани маълум бўлди. Эрондаги нашрлар A-10 самолётини уриб туширганини иддао қилишган. A-10 учувчиси самолётни Эрон ҳаво кенглигидан ташқарига олиб кетган ва шундан кейин муваффақиятли катапултани амалга оширган. A-10 русумли ушбу штурмовик ҳам F-15 учувчиларини қидириш бўйича амалиётга жалб этилганди.