“Мирбозор”даги ёнғин зарари дастлаб яширилди: маъмурият тадбиркорлар ўзини тиклаб олгунча ёрдам бермоқчи
5 июн куни кечқурун Нарпай туманидаги “Мирбозор бозори” МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконлари ёнгани хабар қилинди. Аниқ ҳолат дастлаб расмийлар томонидан яширилди.
Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, жабрланганлар ва масъуллардан изоҳ олди.
Хусусан, Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нарпайда жами учта озиқ-овқат дўконининг тахминан 70 кв.м майдони, озиқ-овқат маҳсулотлари ёнганини маълум қилди. Аслида бу нотўғри рақам эканлиги тарқалган видеолардаёқ акс этиб турганди.
Дўконлар бир қатор бўлиб ёнганига гувоҳ бўлдик. ФВБ айтганидек учта эмас, йигирмадан ортиқ дўконлар бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолган. Жабрланганларнинг айтишича, улар асосан улгуржи савдо билан шуғулланган ва дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган.
Гулҳаё Маҳмудованинг айтишича, улар оилавий бўлиб савдо қилиб келган. Бозор маъмурияти билан ижара-шартнома асосида фаолият олиб борган. Уларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, етти юз миллион сўм зарар кўрган. Ёнмай қолган маҳсулотлар ҳам истеъмолга бутунлай яроқсиз эканини айтмоқда у.
Равшан Ҳожиакбаров тахминан кечки 20.30 ларда бозорда ёнғин чиққанидан хабардор бўлганини айтмоқда. Савдогарлар маҳсулот зарарланмаслиги учун ҳаракат қилган, бироқ дўконга яқинлашишнинг имкони бўлмаган. Қисқа фурсатларда бир нечта дўконларга олов ўтиб кетгани айтилмоқда. Равшан тунги 2.30 ларда уйига кетган.
Зуҳра Болтаеванинг айтишича, оиланинг топгани шу иш учун тикилган ва уларнинг қўлида нақд пул кўринишида маблағ йўқ. Шу сабабли агар уларга бу мушкул вазиятдан чиқиб кетишлари учун қандайдир имтиёз берилмаса, оғир ҳолатга тушиб қолишлари мумкинлигини маълум қилди.
Вазият бўйича “Мирбозор бозори” МЧЖ раиси Мирзоҳид Йўлдошевдан изоҳ олдик. У ёнғин оқибатида 21 та дўкон ёнганини билдирди. Жабрланган тадбиркорларга бозорнинг бошқа ҳудудидан жой берилиши ва то улар ўзларини тиклаб олгунга қадар қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Хусусан, ижара шартномалари бугундан тўхтатилиб, савдогарлардан ижара ҳақи олинмайди. Бундан ташқари, Йўлдошев тадбиркорларнинг солиқ тўловларига ҳам бозор маъмурияти кўмак беришини айтиб ўтди.
“Бозорком”нинг қўшимча қилишича, аслида ёнғин оқибатида зарарланган дўконлар “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли “қизил ҳудуд”да жойлашган. Ушбу ҳудуд ҳаёт учун хавфли бўлиб, юқори босим туфайли ҳар хил табиий офатлар келиб чиқиши ҳам мумкинлиги маълум қилинган. Вазият бўйича тадбиркорлар “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан огоҳлантирилган.
Дарҳақиқат, бизга тадбиркорларга жўнатилган огоҳлантириш хатлари ҳам тақдим этилди. Бироқ йиллар давомида фаолият олиб борган тадбиркорларнинг дўконлари нега шу вақтга қадар бузилмаган ва ҳақиқатда бу ҳудуд қанчалик хавфли?
Ҳудуднинг хавфлилик даражаси бўйича “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармаси юристи Умиджон Бекбоев бизга маълумот берди. Унинг айтишича, дўконлар ўрни “қизил нуқта” ҳисобланади. Бекбоев дўконларни кўчириш мақсадида судга ҳам мурожаат қилинганини билдирди. Айрим дўкон эгаларининг мулкига оид қарор ва кадастр ҳужжатлари ҳам мавжудлиги эътироф этилди. Бошқарма ушбу ҳолат бўйича Нарпай туман ҳокимининг бир қатор қарорларига протест киритишни сўраб, туман прокуратурасига мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил феврал ойида ушбу ҳудудга яқин жойда “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари ёрилиши оқибатида катта портлаш келиб чиққан.
Бозордаги ёнғин айнан нимадан чиққани бўйича ҳозирча якуний хулосага келинмаган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Ёнғин оқибатида жабр кўрган тадбиркорлар билан суҳбатлаша туриб, уларга айни вақтда моддий-маънавий кўмак зарурлигини сездик. Уларнинг деярли ҳар бири катта маблағга куйиб қолмоқда. Ҳозирча бозор маъмуриятидан дастлабки яхши хабар берилди. Тадбиркорлар ўзини тиклаб олишлари учун масъуллар зарур чора-тадбирларни кўришларига умид билдирамиз.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
23:39 / 20.11.2024
Тошкентда ресторан дудбўронида ёнғин чиқди
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024