Абдулла Қодирий ва Дўстлик боғлари ижарага берилди. Боғлар қандай ўзгаради?
Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан 2 боғ Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасига 49 йилга ижарага берилди. Масъулларга кўра, Абдулла Қодирий боғи “тинч-сокин жой сифатида” қайта таъмирланади, у ерда аттракционлар бўлмайди. Дўстлик боғида кўпи билан 10 та аттракцион бўлиб, яшилликни кўпайтиришга урғу берилади. Қурувчи ташкилот боғларни узоғи билан 3 йилда аҳолига қайтаришни режалаяпти.
Тошкентда саноқли парклар аҳоли ихтиёрида қолди. Бироқ уларнинг айримлари ташландиқ ҳолга келтирилди ва кўплаб ҳудудлари инвесторларга бериш баҳонасида очиқчасига талон-торож қилиниб, дарахтзорлар ўрнига бетон жунглилар қад ростлади. Олмазор ва Шайхонтоҳур тумани кесишмасидаги Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳам, Яккасарой туманидаги Дўстлик (эски номи Бобур) боғи ҳам қаровга муҳтож бўлиб қолди. Бу боғларнинг ҳар жойларидан “бизнес” эгалари ўзларига бўлаклар юлиб олишди ва боғлар атрофида баланд бинолар бўй чўзиб қолди. Шаҳар аҳолиси боғларнинг бу ҳолатидан хавотирда эканини билдириб келаётган эди.
19 апрел куни Абдулла Қодирий боғида журналист ва жамоатчилик фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2 боғни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Private Limited компанияси вакиллари иштирок этиб, боғлар қачон аҳолига қайтарилиши, уларнинг қиёфаси қай даражада ўзгариши ҳақида маълумот берди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024 йил март ойидаги қарорига кўра, боғлар Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонаси BMP Smart Decision Private Limited компаниясига 49 йилга ижарага берилган. Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом боғи ҳам олдинроқ худди шу компанияга 49 йилга ижарага берилган эди.
BMP Smart Decision Private Limited раҳбари ўринбосари Зафар Мирзаулуғовнинг тушунтиришича, Абдулла Қодирий боғида 3 йил давомида реконструкция ишлари амалга оширилади.
“3 йил дейилгани билан биз реконструкцияни тезроқ амалга оширишга ҳаракат қиламиз. 2 та боғ бўлгани сабабли биз 3 йил қилиб белгиладик. Боғ 1 ёки 1,5 йилда ҳам битиб қолиши мумкин. Абдулла Қодирий ҳайкалини ҳам ҳайкалтарошлар билан гаплашдик, бошқачароқ, каттароқ қилиб реконструкция қилишга келишиб олдик”, – деди у. Бундан ташқари, Мирзаулуғов боғ ёнида Абдулла Қодирийнинг кутубхонаси ва қўшимча яна умумий кутубхона ҳам бўлиши, боғнинг асосий дарвозаси очилишини қўшимча қилди.
“Тўғрида Чорсу, ён томонда Ислом цивилизацияси маркази бор. Буларнинг ҳаммасини бир-бирига боғлаймиз. Асосий дарвозани очиб берадиган бўлсак, эскилар билади, халқ асосан мана шу ҳудуддан ўтади. Ҳам бу кесиб чиқадиган йўл. Ўзингиз биласиз парк бизнес соҳасига айланиб қолиши керак эмас”, – деди масъул вакил.
Шунингдек, у Абдулла Қодирий боғидан метро ўтгани учун у ерда қурилиш, 4-5 қаватли бинолар бўлмаслиги, фақат енгил ойнали реконструкциялар, фудкорт ва миллий таомлар бўлишини билдирди.
“Қўполроқ қилиб айтганда, бу тадбиркор учун таваккал нарса. Ғафур Ғулом боғини чиройли қилиб бердик, одамлар раҳмат айтяпти, нафақахўрлар сўраган ҳамма имкониятларини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ерда ҳам худди шунақа нарса бўлади. Ғафур Ғулом чилонзорликлар учун бўлиб қолган бўлса, бу энди Олмазор, Шайхонтоҳур тумани учун бўлади”, – деди корхона раҳбари ўринбосари.
Kun.uz мухбири масъулларга боғларга Абдулла Қодирий ва Бобур номи қолиши ёки қолмаслиги бўйича қандай режа борлиги ҳақида савол билан мурожаат қилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши раиси Фурқат Маҳмудхўжаевнинг айтишича, бу масалада Топономик комиссия билан маслаҳатлашилади.
“Менинг шахсий фикрим, миллийлик бўлиши керак, боғ аждодларимизнинг номларида қолиши керак. Бироқ мен ваъда бериб қўядиган бўлсам, эртага Топономик комиссияда бошқача кўрилса, чиройли чиқмайди. Лекин сизларнинг олдингизда мен ваъда бераман, шахсан ўзим ҳаракат қиламан”, – деди Маҳмудхўжаев.
Шу билан бирга у Тошкент шаҳар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида ҳам тарихий сиймолар номини сақлаб қолишни хоҳлаётгани ва бу учун ҳаракат қилишини билдирди.
Боғларда аттракционлар ўрнатиш масаласида BMP Smart Decision раҳбари Отабек Мирзажонов маълумот берди. Унга кўра, Абдулла Қодирий боғида болалар ўйингоҳлари, механик аттракционлар ўрнатиш кўзда тутилмаган. Бобур боғида эса қисман қўйилади.
“Масалан, Ғафур Ғуломда 40 та аттракцион бўлса, Бобурда 10 тадан кўп бўлмаса керак. Биз аттракцион қўйишга мажбур бўлганимиз сабаби йилига фақат яшил фонни ҳимоя қилиш, кенгайтириш, ходимларнинг ойлиги учун 6 миллард сўмдан кўп пул кетади”, – деди Мирзажонов.
Масъул Бобур боғида аттракционлар қўйилишини боғни яшил ҳолатда ушлаб туриш учун сарфланадиган харажат билан деб изоҳлади. Таъкидланишича, боғларга яна дарахт экиш, яшил фонни кўпайтириш ҳамда тинч ва салқин жой қилишга ҳаракат қилиняпти. Шунингдек, боғда шоу ва концертлар учун амфитеатр қайта тикланади, шахмат майдончаси, йога ва воркаут зонаси, бир нечта болалар майдончалари пайдо бўлади.
“Боғ ёнидаги Братислава кўчасининг Ўзбек тили ва адабиёти университетидан Конституция кўчасигача бўлган қисми ёпилиб, овқатланиш майдони бор пиёдалар ҳудуди ташкил этилади. Биз ҳар икки боғда ҳам бирорта дарахт кесилмаслигига, яшилликка путур етмаслигига ваъда берамиз. Буни нафақат ОАВ вакиллари, балки жамоатчилик ҳам кузатиб, кўриб бориши учун етарли даражада очиқмиз. Барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз”, –деган қўшма корхона директори Отабек Мирзажонов Daryo мухбирига.
Шунингдек, масъулларнинг маълум қилишича, ҳар бир истироҳат боғи камида 10 миллион доллар инвестиция киритиш шарти билан ижарага берилган. Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг журналистларга билдиришича, шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ ажратиб, ҳар икки боғни ҳам таъмирлаб, замонавий кўринишга келтиришга қодир эмас. Боиси, шундоқ ҳам харажатлар кўп. Шу сабаб бу ишга инвесторлар жалб қилиниб, уларнинг ёрдамида боғни асраб қолиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсади кўзланган.
“Ўзи қарoр 20 мартда чиқди. Ҳали юридик тарафдан тасарруфимизга ўтмаган. Ҳозир шартнома қиляпмиз. Охирги якуний лойиҳа йўқ. ОАВни чақиришдан мақсад биз шу паркни олганимизни айтиш, режаларимизни эълон қилиш ва халқда туғиладиган саволларга жавоб бериш”, – деди Мирзажонов пресс-тур давомида.
Маълумот учун, Абдулла Қодирий боғини замонавий паркка айлантириш мaсаласи 2018 йил кўтарилган эди. Охирги марта боғ 2022 йил март ойида таъмирлаш учун ёпилганди.
Мавзуга оид
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024