Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан 2 боғ Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасига 49 йилга ижарага берилди. Масъулларга кўра, Абдулла Қодирий боғи “тинч-сокин жой сифатида” қайта таъмирланади, у ерда аттракционлар бўлмайди. Дўстлик боғида кўпи билан 10 та аттракцион бўлиб, яшилликни кўпайтиришга урғу берилади. Қурувчи ташкилот боғларни узоғи билан 3 йилда аҳолига қайтаришни режалаяпти.

Тошкентда саноқли парклар аҳоли ихтиёрида қолди. Бироқ уларнинг айримлари ташландиқ ҳолга келтирилди ва кўплаб ҳудудлари инвесторларга бериш баҳонасида очиқчасига талон-торож қилиниб, дарахтзорлар ўрнига бетон жунглилар қад ростлади. Олмазор ва Шайхонтоҳур тумани кесишмасидаги Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳам, Яккасарой туманидаги Дўстлик (эски номи Бобур) боғи ҳам қаровга муҳтож бўлиб қолди. Бу боғларнинг ҳар жойларидан “бизнес” эгалари ўзларига бўлаклар юлиб олишди ва боғлар атрофида баланд бинолар бўй чўзиб қолди. Шаҳар аҳолиси боғларнинг бу ҳолатидан хавотирда эканини билдириб келаётган эди.

19 апрел куни Абдулла Қодирий боғида журналист ва жамоатчилик фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2 боғни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Private Limited компанияси вакиллари иштирок этиб, боғлар қачон аҳолига қайтарилиши, уларнинг қиёфаси қай даражада ўзгариши ҳақида маълумот берди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024 йил март ойидаги қарорига кўра, боғлар Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонаси BMP Smart Decision Private Limited компаниясига 49 йилга ижарага берилган. Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом боғи ҳам олдинроқ худди шу компанияга 49 йилга ижарага берилган эди.

BMP Smart Decision Private Limited раҳбари ўринбосари Зафар Мирзаулуғовнинг тушунтиришича, Абдулла Қодирий боғида 3 йил давомида реконструкция ишлари амалга оширилади.

3 йил дейилгани билан биз реконструкцияни тезроқ амалга оширишга ҳаракат қиламиз. 2 та боғ бўлгани сабабли биз 3 йил қилиб белгиладик. Боғ 1 ёки 1,5 йилда ҳам битиб қолиши мумкин. Абдулла Қодирий ҳайкалини ҳам ҳайкалтарошлар билан гаплашдик, бошқачароқ, каттароқ қилиб реконструкция қилишга келишиб олдик