Ўзбекистон | 08:30 / 17.11.2020
2811
3 дақиқада ўқилади

ЕТТБ иштирокида Чуст, Поп ва Наманган туманлари ичимлик суви таъминоти яхшиланади

Наманган вилояти аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларининг ичимлик суви ҳамда канализация хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсад қилинган. 

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Наманган вилояти Чуст, Поп ва Наманган туманлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда Чуст ва Мингбулоқ туманлари канализация тизимларини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Қуйидагилар:

а) Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан Ўзбекистонга “Наманган вилояти Чуст, Поп ва Наманган туманлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда Чуст ва Мингбулоқ туманлари канализация тизимларини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 18 йил мобайнида қайтариш муддати билан 70,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз берилиши маъқулланган;

б) лойиҳанинг умумий қиймати 85,13 млн АҚШ долларини, шу жумладан:
ЕТТБ қарзи – 70,0 млн АҚШ долларини;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси – 
15,13 млн АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари бериш тарзида 10,32 млн АҚШ долларини ва ЕТТБ қарзи бўйича лойиҳани амалга ошириш даврида молиявий харажатлар (фоизлар, мажбуриятлар учун воситачилик ҳақи ҳамда бир марталик воситачилик ҳақи) кўринишида 4,81 млн АҚШ долларини ташкил этади;

в) лойиҳани амалга ошириш даври 4 йилни (2020-2023 йиллар) ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича:

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Коммунхизмат” агентлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини, ЕТТБнинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайдиган масъул ижро этувчи орган;

Наманган вилояти ҳокимлиги “Ўзсувтаъминот” акционерлик жамияти билан биргаликда лойиҳаларнинг сифатли амалга оширилиши ва ҳукумат кафолати остида халқаро молия институтларидан олинган кредитларнинг қайтарилиши учун жавобгар ҳисобланади.

Ўзбекистон молия вазирига:

Ўзбекистон номидан ЕТТБ билан лойиҳани амалга ошириш учун қарз битимини;

“Коммунхизмат” агентлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Наманган сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ўртасида ЕТТБ қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилади.

Қарз битимини ишлаб чиқишда лойиҳани амалга ошириш даврида ҳамда кафолат муддатида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товар (иш, хизмат)лар ва транспорт воситаларини божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно), қўшилган қиймат солиғи, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига йиғимлар тўлашдан озод этиш назарда тутилади.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги қарз битими ҳамда қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид