Иқтисодиёт | 17:27 / 02.06.2026
1720
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги Uzsungwoo корхонасининг 50 фоизлик давлат улуши 585,8 млрд сўмга сотилди

Автомобилларга бутловчи эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Uzsungwoo қўшма корхонасининг устав капиталидаги 50 фоизлик давлат улуши аукционда 585,8 млрд сўмга сотилди. Аукцион ғолиби – "Roodell" МЧЖ.

Фарғона вилоятида жойлашган Uzsungwoo корхонасининг 50 фоизлик давлат улуши “Roodell” МЧЖга 585,8 млрд сўмга сотилди.

Савдолар 1 июн куни бўлиб ўтди ва 34 дақиқа 36 сония давом этди.

E-auksion маълумотларига кўра, лотнинг бошланғич нархи 390,5 млрд сўм этиб белгиланган бўлиб, савдолар якунланишида ғолиб таклифи 585,8 млрд сўмни ташкил этди. Якуний нарх бошланғич қийматдан қарийб 195,3 млрд сўмга ёки 50 фоизга юқори шаклланган.

Uzsungwoo – UzAuto Motors учун бутловчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. Фарғона шаҳриги корхонада 1060 нафар ходим ишлайди.

Аукцион ҳужжатларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатида корхонанинг соф фойдаси 146,6 млрд сўмни ташкил этган. Асосий фондларнинг баланс қиймати 396,9 млрд сўм, айланма активлари эса 493,6 млрд сўм этиб баҳоланган.

Давлат улушини харид қилган инвестор корхонанинг асосий фаолият турини камида 10 йил давомида сақлаб қолиши, шунингдек, автомобилсозлик тармоғига оид қатор мажбуриятларни бажариши керак бўлади. Хусусан, корхона фаолияти билан боғлиқ айрим қарорлар «Ўзавтосаноат» билан келишилган ҳолда қабул қилиниши назарда тутилган.

“Roodell” МЧЖ ҳақида

Активни сотиб олган “Roodell” МЧЖ – ADM Global автомобил ҳолдинги таркибига киради. Гуруҳ Ўзбекистонда Kia, Chery, Haval, Tank ва Changan брендларининг дистрибюцияси ҳамда автомобил компонентлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Корхона 2012 йилда ташкил этилган, фаолият тури – автомобилларнинг улгуржи савдоси. Устав фонди 220,2 млрд сўмни ташкил этади.

Таъсисчилари:

– Асроров Мирбаҳром Арорович (33,40 фоиз);

– Давлетияров Данияр Бегдуллаевич (33,30 фоиз);

– Шарипов Мурод-Мирза Шарифжон ўғли (33,30 фоиз).

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид