Жамият | 20:16 / 22.02.2022
47340
8 дақиқада ўқилади

«Фанлар академияси аллақачон қариялар уйига айланган» — профессор илмий жамоатчиликка мурожаат қилди

Фото: KUN.UZ

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев ўзбек олимлари ва илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиқди. Профессор ўз мурожаатида ёш олимлар орасида мақолалар ёзишда сон кетидан қувиш ва плагиат (кўчирмакашлик) авж олгани, илмнинг барча йўналишларида тўлиб ётган муаммоларни президентга дадил олиб чиқмаётган Фанлар академияси, маҳаллий ҳокимликларнинг сиёсий илмсизлик ила қилаётган ишлари ҳақида очиқ гапирган. Ибодуллаев, ўз мурожаатида илм кишиларини маҳаллада юришга мажбурлаш тўғри эмаслигини, юрт равнақ топиши учун ҳамма ўз ишини қилиши кераклигини таъкидлаган.

«Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда. Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди. Scopus’да мақола чиқариш худди Шўролар даврида қандай бўлмасин пахта планини бажариш каби бўлиб бормоқда. Илмий Кенгашда ректорлар кафедра мудирларига очиқдан очиқ «Кўпроқ мақола ёзинглар ва бизнинг институт Топ-1000таликка кириши керак”, деб қайта-қайта таъкидлашмоқда. Натижада деярли 80–90 фоиз илмий мақола ҳаводан олиб ёзиб ташланмоқда, айниқса тиббиётда ана шундай ачинарли аҳвол.

Илм қила оладиган ходим ҳам, қила олмайдигани ҳам диссертация ёқлашга ундалмоқда. Мана 30 йилдирки, ҳеч ким кафедралар моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида қайғурмайди ёки ёлғондан қайғуради. Демоқчиманки, 30 йилдан буён бизга ваъдалар берилади, бироқ кафедра ва илмий лаборатория анжомлари эскиргандан эскириб боряпти. Тўғри, баъзи кафедраларга янги ускуналар келтирилган, бироқ бундайлар бармоқ билан санарли.

Яна қайтариб айтаман: илм-фанда плагиатлик очиқчасига авж олди ва энг ачинарлиси бундан ҳеч қайси устоз ва шогирд уялмаяпти. Плагиатлик оддий ҳолга айланиб қолмоқда», – дейди Тошкент тиббиёт академияси профессори.

Шунингдек, Зарифбой Ибодуллаев кемирувчиларнинг Сардоба сув омбори тўғонига таъсирини аниқлаш учун Фанлар академияси мутахассисларининг «илмий сафар»га юборилиши шармандали ҳолат эканини айтган.

«Аввалига буни ҳазил деб ўйладим. Кейин билсам, ростдан ҳам Фанлар академиясининг Зоология институти мутахассислари Сардоба сув омборига «илмий сафар»га юборилган. Фанлар академияси матбуот хизматининг маълум қилишича, сафарнинг мақсади ёввойи кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар фаолиятининг Сардоба сув омбори тўғонига таъсирини аниқлаш бўлган.... Илмий хулосани яна ўқиймиз.... «Тўғон ёнбағрининг 3 бўлимида оддий кўрсичқоннинг очилиб қолган ин йўллари топилди.... Тўғоннинг юқори қисмида эса Тамариск қумсичқонининг инлари қайд этилди. Шунингдек, тулки ини топилди...»

Ҳурматли олимлар! Ўзбекистон тақдири ва унинг келажагини ҳокимлар ёки сиёсатчилар эмас, илм-фан белгилаб беришини биздан яхши биладиганлар бўлмаса керак. Кўриб турганингиздек, давлатни талон-торож қилган, юртга миллиардлаб талафотлар келтирган ва оддий халқни уй-жойдан маҳрум қилган бу сиёсатчилар ўзларининг жирканч кирдикорларини ёпди-ёпди қилиш мақсадида Фанлар академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мен мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблайман. Бундайлар учун на олимнинг, на илм-фаннинг қадри бор», — дейди у.

Профессор Фанлар академияси илмнинг барча йўналишларида тўлиб ётган муаммоларни дадил Президент Администрациясига олиб чиқиш ўрнига ухлаб ётганини таъкидлайди. Шунингдек, у ҳукумат аъзолари олдига нега ҳозирги кунда олимлар етишиб чиқмаётгани ҳақидаги саволни қўйган.

«Биз олимлар токайгача индамай келамиз? Барча йўналиш олимлари учун ишлар тиқилиб ётибди-ку! Уларни нега дадил-дадил Президент Маъмуриятига (Администрация) олиб чиқмаймиз? Фанлар академияси нега ухлаб ётибди? Фанлар академияси менинг фикримча, аллақачон қариялар уйига айланган! Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ! Ўзбек олимлари нега бу аҳволга тушиб қолди? Қани Яҳё Ғуломовлар? Қани Иброҳим Мўминовлар? …Қани Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевлар? Ахир бундай инсонлар сизлар ёмонлайдиган совет Ўзбекистонида етишиб чиққан эди-ку! Улар олдида Россия, Украина, Беларус олимлари бош эгиб турарди-ку, узоқ хориж давлатлари юксак эҳтиром билан кутиб олишарди-ку уларни! Ҳали мен баъзиларини санадим холос. Бу ўзбек олимлари юрт номини ҳақиқатан ҳам дунёга танитган ва илм қилиб, ўзи ҳам машҳур бўлган Ўзбекистон илм-фани юлдузлари эди-ку? Нега бундай олимлар ҳозир етишиб чиқмаяпти? Бу саволни мен, ҳув тепада ўтирган ҳукумат аъзоларига беряпман. Қани, жавоб беринг! Нега ўзбек илм-фанини хароб ҳолатга келтирдингиз?! Нега?!» – дейди у.

Профессор Ибодуллаев, яна ўз мурожаатида лаганбардорлик қилаётган маҳаллий ҳокимликларнинг айрим ишлари сиёсий илмсизлик эканини айтган. Шунингдек, у профессор ва талабаларни маҳаллада юришга мажбурлаш тўғри эмаслигини, юрт равнақ топиши учун ҳамма ўз ишини қилиши кераклигини таъкидлаган.

«Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва халқ олдида бир пуллик обрўйи йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик? Вилоят ҳокими қайсидир туман аҳолиси унга ёқмагани учун ушбу туманни харитадан ўчириб ташлайман деса, яна бири ўзи ҳақида шеър айттирса, яна бири президентга ёқиш учун бир муддат темир вагонга кириб яшаса, бошқа бири ўқитувчиларни бутун юртга калака қилса, бошқа бири пиёда юрсанг, Дубайга юбораман деса ва ҳ.к. Қани сиёсий илм? Қани фаҳм-фаросат? Қани мантиқ? Ҳамма ёқни ёлғон босди-ку! Уялмайсизларми?

Баъзи вазирлар таълим жараёнини зудлик билан тўхтатиб, минглаб талабаларни вилоятларга – одамларнинг бўйни ва қорин айланасини ўлчашга юборса, профессорлар ОТМда ўтириб дарс ўтиш ва лабораторияда илм билан шуғулланиш ўрнига маҳаллама-маҳалла юришга мажбурланса. Бу бемаъниликнинг кети борми? Қани менга айтинг-чи? Бундай ишларда мантиқ борми? Бунақада илм-фан маҳалла даражасига тушиб қолмайдими? Ахир ҳар ким ўз ишини қилиши керак эмасми?

Марҳамат қилиб жавоб беринг! Ўзбекистон фақат маҳалладан иборат эмас-ку ахир! Илм-фан деган нарса ҳам бор-ку ахир! Барча соҳа олимлари учун ечимини кутиб ётган ва ўша муаммолар ечилмаса, юрт равнақи ҳақида гапирмаса ҳам бўладиган аччиқ-аччиқ ҳақиқатлар бор. Илтимос! Ҳурматли олимлар! Сиёсатга қул бўлмайлик, юрт равнақи учун хизмат қилайлик! Бор ҳақиқатни президентга етказайлик. Биз нотўғри йўлдан кетмаяпмизми?» — дея мурожаатини якунлайди профессор Зарифбой Ибодуллаев.   

Ҳозирча Ўзбекистон Фанлар академияси, шунингдек бошқа масъул ташкилотлар профессорнинг мурожаатида кўтарилган масалалар бўйича изоҳ бермади. 

Мавзуга оид