— “Док-1 Макс” сабаб болаларда ўлим ҳолати қайд этилгач, ССВ расмий муносабат билан чиқди. Унга кўра, болалар ўлими таҳлилини олиб бормагани учун шу воқеаларни фош қилган шифокорлар айбдор деб топилди. Мана шунга муносабатингиз қандай? Бу жараёнда шифокорларни айблаш қанчалик тўғри?

— Биринчидан, аксинча, бу шифокорларга ташаккурномалар берилиши керак эди. Шу ерда мантиқан бир савол туғилади: нима учун ССВ бундан 6 ой олдин ЖССТнинг огоҳлантиришига*, 3 ой олдин, яъни октябрда мана шу дори ёки унга ўхшаш заҳарли дориларни қўллаш бўйича чеклов берганига эътибор қилмади? ССВ республикадаги тиббиёт, фармацевтика билан боғлиқ ишларга алоқадор-ку. Ҳаттоки, шу шифокорлар ҳибсга олинганини ҳам эшитдик. Бу шифокорлар огоҳлантирилмагани ва нега ушбу дорилар Ўзбекистонга кириб келгани, нима учун ЖССТнинг тавсияси билан бутунлай олиб ташланмагани бўйича ССВга қарши даъво билан чиқишлари мумкин. Бу ерда вазирликнинг ўзи ҳам айбдор, у ҳам қонун олдида жавоб бериши керак.

Республикага кириб келаётган ҳар қандай дори воситалари рақамли маркировкадан ўтиши керак эди. Бутун дунёда дорилар ҳаракатини кузатиб турувчи тизим йўлга қўйилган, унда дориларнинг қаерда ишлаб чиқарилгани, қайси чегарадан ўтгани, қайси шифохонага бориб тушгани, халқаро экспертиза хулосаси қандай каби маълумотлар жамланади. Шу тизим билан интеграция қилиниши керак эди.

Ёки бўлмаса, нега ЖССТнинг тавсиясига амал қилинмади? Вазирлик бу ишни қилиши керак эди. Нима учун “тепа”да ўтирган мутасаддилар буни текширмади?

Фурсатдан фойдаланиб, бош шифокор Маматқул Азизов лавозимидан озод этилган бўлса, уни ишига қайтаришларини сўрайман. 70 ёшга кирган мутахассис экан, ҳеч бўлмаса маслаҳатчи қилиб бўлса ҳам олиб қолиш керак. Ҳибсга олинган мутахассислар ҳам вақтинча озод қилиниб, суд ҳам очиқ ўтказилиши лозим. Шифокорлар ҳам қўрқмай айнан ССВни айблаб чиқишсин, керак бўлса вазирликни айблаб 7 нафари қўл қўйсин. Ҳурматли ССВ ва фармацияга жавоб берувчи, дорилар сифатини назорат қилишга масъул одамларни ҳам Олий судга беришсин.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Вафот этган бемор болаларни барча вилоятларда текшириш керак. Балки, айнан шу дори туфайли ўлимлар сони кўп бўлиши мумкин.

Агар самарқандлик профессор шифокоримиз шуларни айтмай, ўлим бўйича воқеадан хабардор қилмаганида ва бу маълумотлар жамоатчиликка чиқмаганида яна қанчадан қанча болалар ўлган бўлар эди? Менимча, янги соғлиқни сақлаш вазири буни шахсий назоратига олади. Шу дорилар ва шунга ўхшаш бошқа дорилар билан боғлиқ вазиятни бутун республикада юриб, ўрганиб чиқади ва бу шаффоф бўлади деган умиддаман.