Ўзбекистон | 19:07 / 01.12.2023
28838
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирий “ҳукуматни обрўсизлантириш”да айбланганидан қарийб 100 йил ўтиб оқланди

Олий суд унга нисбатан контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш моддаси бўйича чиқарилган ҳукмни бекор қилди. 

Фото: Олий суд

Ўзбекистон Олий суди атоқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийга нисбатан 1926 йилда чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, уни оқлади.

Адиб 1926 йилда ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланган ва терговга тортилган. Бунга «Муштум» журналида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» номли мақоласи сабаб бўлган. 

Қодирий “Мен маънавий ўлдирилдим, энди мен учун жисмоний ўлим ҳеч нарса эмас”, деган жумлани ўша суд жараёнидан кейин айтган.

Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми билан, Абдулла Қодирий Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида (контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, Ўзбекистон ССР Марказий ижроқўми Раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан адиб жазодан озод этилган.

Ушбу ҳукм юзасидан Абдулла Қодирийнинг набираси Ҳабибулло Қодирий Олий судга апелляция шикоятини берди.

Олий суд апелляция шикоятини кўриб чиқди ва бугун, 1 декабр куни ҳукмни бекор қилиб, Абдулла Қодирийнинг ҳаракатларида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топди ва уни оқлади.

Шунингдек, унинг терговда ноҳақ ушлаб турилгани ҳам қайд қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Қодирий 1938 йилда қатағон қилиниб, отиб ташланган. Ушбу ҳукм бўйича 1957 йилда оқланган.

Айни пайтда Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисларида совет даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозиргача оқланмаган 174 нафар шахсга оид жиноят ишлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари келтирган протестлар кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид