Ўзбекистон | 11:18 / 30.04.2026
3705
3 дақиқада ўқилади

Матбуот эркинлиги индекси: Ўзбекистондаги вазият “жуда жиддий”лигича қолмоқда

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга 100 баллдан 35,24 балл берди, бу – ўтган йилгидан бироз камроқ кўрсаткич. Жорий йилда мамлакатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий индикаторлардаги баллари камайган. Ўзбекистон янги рейтингда бир поғонага кўтарилиб 147-ўринни эгаллаш билан, эркин журналистикага “жуда жиддий” тўсиқлар қўйилган давлатлар қаторида қолмоқда.

Фото: Kun.uz

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти 2026 йил учун Матбуот эркинлиги индексини эълон қилди.

Унда Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 147-ўринда қайд этилган ва матбуот эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий” давлатлар қаторида қолмоқда.

Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни ўтган йилгидан 1 поғонага кўтарилган, аммо рейтинг балларида пасайиш бор.

Халқаро кузатувчилар 2025 йилда Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни 100 баллдан 35,24 баллга баҳолаган бўлса, жорий йилда 34,95 балл берилган.

Янгиланган индекснинг иқтисодий ва хавфсизлик индикаторлари бўйича Ўзбекистоннинг баллари яхшиланган бўлса, сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий индикаторлардаги баллари камайган. Таққослаш учун, 2025 йилги индексда Ўзбекистоннинг баллари бешала индикатор бўйича ҳам пасайишни кўрсатган эди.

Матбуот эркинлиги индекси – Ўзбекистон давлати ўзи учун муҳим деб ҳисобловчи халқаро рейтинглар қаторига киради. Унда 180 та мамлакатдаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “яхши”, “қониқарли”, “муаммоли”, “мураккаб” ва “жуда жиддий” тоифаларга ажратиб келинади.

Ўзбекистон узоқ йиллар вазият “жуда жиддий” мамлакатлар қаторида бўлиб келган, 2016-2017 йиллардан бошланган ислоҳотлар натижасида 2019 йилга келиб “мураккаб” вазиятли давлатлар қаторига қўшилган, аммо 2024 йилга келиб “жуда жиддий” тоифага қайтган эди.

2026 йилги индексда Марказий Осиёдан Қирғизистон 146-ўринда, Ўзбекистон 147-ўринда, Қозоғистон 149-ўринда, Тожикистон 155-ўринда, Туркманистон 173-ўринда қайд этилган.

Таҳлилчилар фақат 7 та давлатни матбуот эркинлиги бўйича вазият “яхши” деб ҳисобламоқда, булар қуйидагилар: Норвегия, Нидерландия, Эстония, Дания, Швеция, Финландия, Ирландия.

180 та мамлакатдан 100 тасида охирги бир йилда матбуот эркинлиги даражаси тушган. “Чегара билмас мухбирлар”га кўра, дунё миқёсида матбуотга сиёсий босимлар кучайяпти, автократик тенденциялар ўсиб боряпти, медиа бозори молиявий жиҳатдан сезиларли заифлашмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид