Ўтган ҳафта Taftish.uz ходимлари қўлга олингани хабар қилиниб, ҳозир тергов давом этмоқда. Бироқ, ички ишлар органларининг ҳукмий видеоларида улар аллақачон “жиноий гуруҳ” ва “ашаддий жиноятчилар”га айланиб бўлди. Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан фаоллар ва юристга қулоқ тутди. Медиа вакилларига кўра, пулга мурожаат ўрганиш амалиёти – жуда нозик масала. Адвокатнинг айтишича, ИИВ аллақачон уларга ҳукм ўқиб бўлди, энди суднинг кераги йўқ.

Taftish.uz веб-сайтидаги маълумотларга кўра, ушбу ташкилот 2021 йилнинг мартида АОКА томонидан рўйхатга олинган. 5 йилдан бери ишлаб келаётган бу «ОАВ» асосан пулга мурожаатлар ўрганиш билан шуғулланган. Охирги вақтларда бу ходимларнинг ўзини тутиши, давлат идоралари билан диалоги кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётганди. Айни дам улар қўлга олинган ва турли айбловлар илгари сурилган. Бироқ, ички ишлар органлари эълон қилган материалларда улар аллақачон “ўта кетган жиноятчи”, “жиноий гуруҳ” сифатида тамғаланди.

Масаланинг таҳлил қилиниши керак бўлган нозик нуқталари бир қанча, Kun.uz студияга таклиф этилган медиа вакиллари, инсон ҳуқуқлари фаоли ва юрист билан буларга бирма-бир тўхталди.

“Давлат идораларига ишонч йўқлиги сабаб, улардан қаҳрамон ясашди”

Агар эътибор қилинса, Taftish.uz'нинг минглаб видеолари эълон қилинган ва уларга оддий халқ вакилларидан тортиб, санъаткор-актёрларгача мурожаат қилишган. Деярли ҳар бир видеода «таҳририят» ходимлари давлат идораларига бостириб кириб, камера қаршисида ишчилар билан ўта қўпол диалогга киришган. Kun.uz билан гаплашган инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, ҳозир шундай стилда гаплашмаса, давлат хизматчилари билан гаплашишнинг иложи йўқ.

“Одамлар нега эргашди, чунки давлатнинг халқ билан ишлайдиган, улардан мурожаатларни қабул қиладиган институтлари фалаж аҳволда. Бундан ташқари, ҳозир битта блогерни олиб бормасангиз, милицияхонага кириб бўлмаяпти. Яъни, бизнинг жамиятимиз шунақа, хафа бўлмаслик керак, матбуот ҳам шу тизимга мос”, дейди у.

ЎзЖОКУ проректори Нозима Муратова фикрича, айнан уларнинг материалларига эмоция қўшилгани, одамларнинг ҳиссиётларини қитиқлайдиган гаплар бўлгани, экранда доим бериладиган силлиқ маълумотдан фарқли экани боис одамлар қизиқди, кузатди.

“Чунки у ерда одамнинг ҳиссиётига таъсир қиладиган, эмоциясига таъсир қиладиган масалаларни кўтаришди. Бу классика, ҳамма жойда ёзилган: жиноят, жанжал, сенсация – булар доим жамоатчиликнинг эътиборини тортиб келган. Шу нарсаларни кўтарсангиз, ҳамма кўради. Иккинчи масала, журналистларнинг вазифаси ўзи нима эканини аниқлаб олиш керак. Журналистларнинг вазифаси пулга мурожаат ўрганиш эмас, жамиятга аввало фактларни бериш”, дейди Нозима Муратова.