Жаҳон | 18:18 / 17.02.2026
5774
5 дақиқада ўқилади

Уруш хавфи кучаяётган бир пайтда АҚШ ва Эрон ядровий музокаралари бошланди

АҚШ Форс кўрфази атрофида 2 та авиаташувчи билан улкан «армада»ни йиғмоқда. Эрон эса Ҳормуз бўғозида Россия ва Хитой иштирокида ҳарбий машғулотлар бошлади. Ушбу кескинлик фонида Женевада АҚШ–Эрон музокаралари бошланди.

Араб денгизидаги “Abraham Lincoln” авиташувчиси / Фото: US CENTCOM

17 феврал куни Женевада АҚШ ва Эрон вакиллари узоқ йиллардан бери давом этаётган ядровий можаро юзасидан билвосита музокараларни бошлади. Масаладан хабардор Reuters манбасига кўра, музокараларда АҚШ вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи иштирок этади.

Музокараларга Ўмон воситачилик қилмоқда. Учрашув БМТдаги Ўмон элчиси қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Женевадаги музокараларда «билвосита» иштирок этишини ва Теҳрон келишувга эришишни истаётганига ишонишини айтганди. Лекин Трамп бу музокараларда иштироки қандай билвосита бўлишини очиқламади.

«Улар келишув қилмаслик оқибатларини истамайди деб ўйлайман. Уларнинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш учун B2 самолётларини юбориш ўрнига келишувга эришишимиз мумкин эди. Ва биз B2ʼларни юборишга мажбур бўлдик», деди Трамп душанба куни Air Force One бортида.

Женевадаги Ўмон элчиси қароргоҳи / Фото: Reuters

Эроннинг юқори мартабали расмийсига кўра, АҚШнинг санкцияларни бекор қилиш борасидаги жиддийлиги ва нореал талаблар қўймаслиги – Женевадаги самарали музокаралар учун ҳал қилувчи омилдир. Исми ошкор этилишини истамаган расмий Теҳрон музокараларга «самимий ва конструктив таклифлар» билан келаётганини билдирди.

Музокараларнинг асосий мақсади нима?

Теҳрон ва Вашингтон ўнлаб йиллик можароси бўйича музокараларни жорий йил 6 феврал куни яна тиклади.

АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил – Эрон Исроил мавжудлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ядровий қурол яратишга интилмоқда деб ҳисоблайди. Эрон эса ядровий дастури мутлақо тинч мақсадларда эканини айтади. Аммо у уранни электр ишлаб чиқариш учун зарур даражадан анча юқори, бомба учун керакли даражага яқин даражада бойитгани айтилади.

Эрон «Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида»ги шартномага қўшилган. Бу келишув давлатларга атом қуролидан воз кечиш, БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги билан ҳамкорлик қилиш эвазига фуқаролик ядровий энергетикасини ривожлантириш ҳуқуқини кафолатлайди.

Аббос Арақчи ва MAGATE раҳбари Рафаэл Гросси / Фото: Reuters

Эрон ташқи ишлар вазири Арақчи душанба куни Женевада MAGATE раҳбари Рафаэл Гросси билан учрашиб, агентлик билан ҳамкорлик ва АҚШ билан бўладиган музокараларнинг техник жиҳатларини муҳокама қилди.

Бундай келишувни имзоламаган Исроил эса ўнлаб йиллардан бери давом этаётган ноаниқлик сиёсати доирасида ядровий қуролга эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади. Бу сиёсат атрофдаги рақибларни тийиб туришга қаратилган.

Reutersʼнинг ёзишича, олимлар Исроил 1966 йилда илк бомбани қўлга киритган деб ҳисоблайди. Ҳарбий цензура билан чекланган маҳаллий журналистлар эса одатда бундай салоҳият ҳақида билвосита гапиради ёки хорижий ОАВ хабарларига таянади.

Музокаралардаги янги талаблар

Вашингтон музокаралар доирасини Эроннинг ракета захиралари каби ядровий бўлмаган масалаларга кенгайтиришга уринмоқда. Теҳрон эса фақат ядровий дастурига қўйиладиган чекловларни — санкциялар енгиллаштирилиши эвазига муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, Эрон уран бойитишни тўлиқ тўхтатмаслигини ҳамда ракета дастурини муҳокама қилмаслигини билдирган.

Исроилнинг қўшишга уринган талабларидан яна бири – Эрон ҳусийлар, «Ҳизбуллоҳ» каби минтақадаги прокси кучлари билан ҳамкорликдан воз кечиши керак. Лекин бу масала ҳал бўлиши ҳам даргумон.

Душанба куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Будапештдаги матбуот анжуманида Эрон билан келишувга эришиш қийинлигини, бироқ АҚШ бунга уриниб кўришга тайёр эканини айтди.

Ушбу музокаралар фонида – июн ойидаги АҚШ ва Исроилнинг зарбалари, шунингдек, яшаш харажатлари инқирозига қарши намойишлари туфайли Эронда ҳокимият бироз заифлашгандай туюлмоқда. Бундан ташқари, АҚШ ҳозир минтақага улкан денгиз ҳарбий армадасини жойлаштирган.

Ҳормуз бўғозидаги қўшма ҳарбий машғулотлар

АҚШнинг икки расмийсига кўра, агар Трамп ҳужум қилишни буюрса, АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган операцияларга тайёргарлик кўрмоқда.

Эрон эса душанба куни муҳим халқаро сув йўли ва нефт экспорти маршрути бўлган Ҳормуз бўғозида ҳарбий машғулотларни бошлади.

Маҳаллий ОАВларга кўра, Россия ва Хитой Ҳормуз бўғозида ўтказиладиган «Денгиз хавфсизлиги камари — 2026» машғулотларида иштирок этиш учун кемалар юборган. 

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид