Жамият | 17:50 / 24.04.2019
40823
5 дақиқада ўқилади

Давлат тест маркази судларда ютқазишда давом этади. Бу сафар контрактдан давлат грантига ўтиш учун курашган талаба ғолиб келди

Тошкент тиббиёт академиясида контракт тўлови асосида таҳсил олаётган талаба Камола Ботирова олийгоҳга давлат гранти асосида қабул қилинишига тўсиқ бўлган хатолик туфайли Давлат тест марказини судга бериб, унда ютиб чиқди.

Камола Ботирова 2018 йилнинг июлида Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топшириб, август ойида имтиҳонга кирганди.

У синов натижалари бўйича етарли балл тўплаб, контракт тўлови асосида ўқишга қабул қилинганди. Бироқ, у давлат гранти асосида ўқиши кераклигига амин бўлиб, Давлат тест марказининг апелляция комиссиясига шикоят билан мурожаат қилган. Камола саволлар китобининг биология фани бўйича берилган 57-савол юзасидан эътироз билдирган.

Савол мазмуни эса қуйидагича: «озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сув ўтлари бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассасаси 32 кг бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассасини (кг) аниқланг».

Камола 35520 кг жавоби кўрсатилган вариантни белгилаган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази эса 35552 кг вариантини тўғри деб ҳисоблаган.

Шундан сўнг, Камола Ботирова Юнусобод туман маъмурий судига Давлат тест маркази мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилади. Маъмурий ишни 2019 йилнинг 23 апрель куни Тошкент шаҳар Юнусобод маъмурий суди судьяси Даврон Эргашев аризачи, судья ёрдамчиси К.Хидиров, туман прокуратурасидан У.Олимжонов ва Давлат тест маркази вакиллари иштирокида кўриб чиқади.

Тошкент шаҳар Юнусобод маъмурий суди судьяси Даврон Эргашев

Суд томонидан аризачининг важларини текшириш мақсадида мутахассислар жалб қилинади. Уларнинг аксарияти абитуриент томонидан берилган жавоб тўғрилигини маълум қилишади.

Озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сув ўтлар бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассаси 32 кг бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассаси 35520 кг.ни ташкил қилади. 

Озуқа занжиридаги барча компонентларнинг умумий биомассаси 35552 кг бўлиши, улар истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассаси 35520 кг бўлиши, сабаби учинчи тартиб консумент видра бу озиқ занжиридаги организмларга озиқ бўлмаслиги, шунинг учун унинг биомассаси, яъни 32 кг озуқа занжиридаги компонентлар истеъмол қилган умумий биомассасига қўшилмаслиги таъкидланган.

Суд томонларни тўлиқ эшитди. Барча важ, далиллар ҳисобга олиниб, талабанинг аризаси қаноатлантирилди. Давлат тест марказининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди. Давлат тест маркази зиммасига амалдаги тартиб бўйича талабанинг жавоблар варағини қайта баҳолаб, талабани Тошкент тиббиёт академиясига грант асосида ўқишга тавсия этиш мажбуриятини юклади.

Камола Ботирова

Иккинчи томонга суд қароридан норози бўлса, апелляция тартибида шикоят келтириши мумкинлиги тушунтирилди.

Бундан аввалроқ Тошкент тиббиёт педиатрия институтига ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўта олмаган абитуриент Даврон Улуғбек ўғли ҳам саволлар китобининг биология фани бўйича берилган 57-саволи юзасидан эътироз билдириб, Давлат тест марказининг апелляция комиссиясига шикоят билан мурожаат қилган, кейинроқ Юнусобод туман маъмурий судига мурожаат қилиб, судда ютиб чиққанди.

Шунингдек, ДТМ мутасаддилари бухоролик абитуриент Сарвиноз Ибрагимовани «48 сония кечиккани» важи билан Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга киришга йўл қўйишмаган, алалоқибат судда адолат қарор топганди.

Юнусобод туман маъмурий суди судьяси Даврон Эргашев суд жараёнига нега оммавий ахборот воситалари таклиф этилганига ўзининг изоҳини бериб ўтди: «Давлат раҳбари судлардан ишни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёнида шаффофлик, ошкоралик ва одиллик принципларига амал қилишни талаб қилмоқда. Бу елкамиздаги вазифа. Уни бажаришимиз керак. Қонунда ҳам бу кўрсатиб ўтилган.

Ишни жамоатчиликка ёйиш орқали Давлат тест марказини обрўсизлантиришни ният қилмаганмиз. Асосий мақсадимиз халқ ишончини қайта қозониш ва мансабдор шахслар томонидан мана шундай хатолар такрорланишининг олдини олиш».

Қайд этиш керакки, Юнусобод туман Маъмурий судида ишлар ошкоралик принципи асосида кўриб чиқилмоқда. Буни Kun.uz журналистлари қатнашган бир нечта суд мисолида кўриш мумкин. Шу билан биргаликда, айрим судларда ҳали-ҳануз ички қўрқув ёки президент талабларини бажармаслик ҳолатлари учраб турмоқда. Буни яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сардор Содиқов «Бозорқўмлар иши» доирасида кузатувчи сифатида қатнашаётган «Газета.uz» мухбирини суд залидан чиқариб юборгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Адолатли жамиятни қуришни мақсад қилган давлат ичидаги судлардан давлат ва халқ олдидаги касб мажбуриятларини бажаришларида жасорат кўрсатишларини кутиб қоламиз. 

Зафарбек Солижонов

Тайёрлаган:  Зафар Солижонов

Мавзуга оид