Жаҳон | 13:43 / 08.11.2025
1768
4 дақиқада ўқилади

Москва суди Ходорковский ташкил этган лицейни миллийлаштирди

Суд Бош прокуратуранинг талабини қондириб, “Подмосковный” лицей-интернатини давлат мулкига ўтказди. Лицей манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат бу қарор устидан шикоят қилинишини маълум қилди.

Фото: DW

Москванинг Мешчанский суди Одинцово тумани Кораллово қишлоғида жойлашган, ЮКОС нефт компаниясининг собиқ эгаси ва хориждаги россиялик мухолифат етакчиларидан бири Михаил Ходорковский ҳамда унинг ҳамкори Платон Лебедев томонидан ташкил этилган “Подмосковный” лицей-интернатини давлат мулкига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. Хусусий таълим муассасасини миллийлаштиришни РФ Бош прокуратураси талаб қилган эди. 6 ноябр кунги қарор билан прокуратура даъвоси қондирилди, деб хабар берди Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати 7 ноябр куни.

“Интерфакс” ёзишича, прокуратура сўраганидек, суд қарори дарҳол ижро этилиши лозим. Лицей манфаатларини вакил бўлиб ҳимоя қилган адвокат Олег Илин агентликка қарор устидан шикоят берилишини айтди.

Мажлис давомида лицей вакиллари муассаса Ходорковскийдан ҳеч қандай молиявий маблағ олмагани, ўқитувчилар чет элда тайёргарлик курсларидан ўтмаганини билдирди. Шунингдек, уларнинг таъкидича, лицейнинг Ходорковский фонди ёки шахсан у билан ҳеч қандай муносабати йўқ.

Бош прокуратура лицейни миллийлаштириш зарурлигини унинг “амалда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлар” — Михаил Ходорковский ва унинг бизнес-ҳамкори, “Менатеп” собиқ раҳбари Платон Лебедевга тегишли экани билан изоҳлади. Даъво аризасида таълим муассасаси “РФда номақбул ташкилот” деб эълон қилинган “Ходорковский фонди” ҳамда суд мулки Ходорковский ва Лебедевга тегишли деб топган “Паррингроув” компанияси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётгани айтилган. Бундан ташқари, прокуратура лицейдаги таълим “сиёсий жиҳатдан нотўғри” бўлиб, болаларда “антироссия кўринишларга нисбатан лоял муносабат” шакллантираётганини даъво қилди.

Иқтидорли етим болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга мансуб болалар учун мўлжалланган “Подмосковный” лицей-интернати 1994 йилда Москва вилояти Одинцово туманидаги собиқ дворянлар усадбасида очилган. “Настоящее время” телеканали қайд этишича, у ерда террористик ҳужумлардан жабр кўрган болалар ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам таҳсил олган. Россия расмийларига кўра, лицей мулки таркибида 86 гектар ҳудуд, бешта турар жой ва 40 та нотурар бинодан иборат 25 минг квадрат метрдан ортиқ майдон мавжуд.

Октябр ўрталарида РФ ФСБ Михаил Ходорковский ва “Россиянинг Урушга қарши қўмитаси”нинг бошқа иштирокчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. Улар “ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш” ҳамда “террористик ҳамжамиятни ташкил этиш ёки унда иштирок этиш” моддаларида айбланмоқда. ФСБга кўра, 2022 йил февралда РФнинг Украинага қарши тўлақонли ҳужуми бошлангач тузилган мазкур қўмитанинг мақсадлари “ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш” ва “конституциявий тузумни ўзгартириш”дан иборат. Ходорковский 2013 йилда ЮКОС иши бўйича 10 йил колонияда бўлганидан кейин озод этилганидан бери хорижда яшаб келади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид