Ўзбекистон | 18:43 / 22.07.2024
25139
1 дақиқада ўқилади

QR-кодли чек сўраган болага тарсаки туширган сотувчи қамалди

У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги дўконда 12 ёшли болани урган сотувчи 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова хабар берди.

Қайд қилинишича, 22 июл куни Гулистон шаҳри суди уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган.

Аввалроқ, дўкончи томонидан болага нисбатан зўравонлик ишлатилгани, жумладан, унинг юзига тарсаки туширгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Боланинг онаси сўзларига кўра, ўғли QR-кодли чек сўрагани учун сотувчи уни ҳақоратлаган ва бир неча бор юзига урган.

Кейинчалик сотувчига нисбатан маъмурий иш очилган эди.

 

Мавзуга оид