Ўзбекистон | 22:42 / 29.08.2025
3221
1 дақиқада ўқилади

Тошкент мактабларида 10- ва 11-синф хоналари камера билан жиҳозланади

Камералар «таълим сифатини доимий назорат қилиш, ўқувчилар давоматини кузатиш ва ўқитувчиларнинг педагогик салоҳиятини баҳолаш» учун мўлжаллангани таъкидланмоқда.

Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабларида 10- ва 11-синф хоналарига ўқувчиларни кузатиш учун махсус камералар ўрнатилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокими қарорида (.pdf) белгиланган.

Қайд қилинишича, Smart School электрон дастури аввало Олмазор туманида синов тариқасида 31 та умумтаълим мактабининг 250 та синфида жорий этилади.

Таъкидланишича, камералар «таълим сифатини доимий назорат қилиш, ўқувчилар давоматини кузатиш, руҳий ҳолатига сунъий интеллект орқали баҳо бериш, шунингдек, ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ва ўқитувчиларнинг педагогик салоҳиятини баҳолаш» учун мўлжалланган.

Қарорда камераларни ўрнатиш туман маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Қайд қилинишича, таклиф Тошкент шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари томонидан билдирилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид