Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“30 фоиз сув, 40 фоиз уруғ тежалади”. Мутахассис шолининг янги нави афзалликлари ҳақида гапириб берди
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган конференция доирасида озиқ-овқат хавфсизлигига янгича ёндашувлар мавзусида кўргазма ҳам ташкил қилинди. Унда илмий-тадқиқот институтлари ҳам ўз изланишлари билан иштирок этмоқда.
Бахтиёр Қодиров
Хусусан, Шоличилик илмий-тадқиқот институти қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Қодировнинг Kun.uz’га маълум қилишича, шолининг янги нави яратилган бўлиб, ушбу сув тежамкорлиги, айниқса, жуда қисқа вақтда пишиб етилиши билан бизнинг иқлимимизга жуда мос келади.
“Шоли дунё бўйича энг муҳим дон экинларидан бири бўлиб, жаҳон деҳқончилигида экиладиган майдони жиҳатидан иккинчи ўринни, ҳосилдорлиги бўйича эса биринчи ўринни эгаллайди.
2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан Шоличилик илмий-тадқиқот институти ва унинг Хоразм филиалига вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитларида шолининг юқори ҳосилли хорижий навларини синаш ва маҳаллий шароитда уруғларини кўпайтириш вазифаларини бажариш мақсадида Хитойдан 27 та нав ва нав-намуналари келтирилди. Очиғини айтиш керак, муқаддам мазкур йўналиш ва бундай кенг қамровли миқёсда хорижий шоли навларини ўрганиш бўйича мамлакатимизда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмаганди.
Натижада биз ҳозир 85 кунда пишиб етиладиган шўрга, юқори ҳароратга чидамли, қолаверса, ҳосилдорлиги одатдагидан икки баробар юқори бўлган навларни яратдик. Бугунги кунда биздаги одатдаги шоли навлари 125-140 кунда пишса, янги навимиз уч ойга ҳам етмасдан пишиб етилади. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ 25-30 фоизгача сувни тежайди. Бу дегани бир йилнинг ўзида икки марта шолидан ҳосил олиш имкониятини ҳам беради. Айнан икки марта ҳосил олиш борасида Избоскан туманида илмий изланишларимиз давом этмоқда.
Биз яна бир ҳолатга эътибор қаратдик, шолини кўчатлаб экиш орқали жуда катта самарадорликка эришиш мумкин. Кўчатни ҳам қўл кучи билан эмас, механизациялар ёрдамида амалга оширяпмиз. Кўчат қилиб экилганда уруғлар 30-40 фоизгача, сув эса 30 фоизгача, минерал ўғитлар 20-25 фоизгача тежалиб боради. Шўрланган ерлар ювилади, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ўша ҳудудда бир-икки йил давомида шўрга чидамсиз экинлар экиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Бундан ташқари, ҳар қандай дарё қолдиқлари, ботқоқликлар, умуман, шу пайтгача экин экиб бўлмайдиган ерлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Ушбу навларни жорий йилнинг ўзида давлат реестрига топширамиз. Деҳқон-фермер хўжаликларимизга энг юқори авлодли элита уруғликларини етиштириб берамиз. Ушбу навларнинг иқтисодий самарадорлиги икки баробарга юқори бўлиши кутилмоқда”, – деди Бахтиёр Қодиров.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, ушбу янги шоли навлари одатдаги маҳаллий навларга қараганда бир-бир ярим ой аввал пишиб етилса-да, унинг инсон организми учун фойдалилиги, таркиби бир хил ҳисобланади. Яқин икки-уч йил ичида ушбу навларни республика бўйича оммавий экиш имконияти яратилади.
Мавзуга оид
16:52 / 02.01.2026
Эртанги кун технологияси – бугун. Супер замонавий 5-авлод иссиқхонасига саёҳат
08:50 / 25.12.2025
Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
21:33 / 22.12.2025
“Бизни тинч қўйишса, кўпроқ ҳосил оламиз” – Когонлик фермер ўзи ва ҳамкасблари қандай шароитда ишлаётгани ҳақида
22:17 / 13.12.2025