Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«UzASBO» дастури ўқитувчиларнинг ҳақини «уриб» қоладими? Ўқитувчининг Молия ва Халқ таълими вазирлигига мурожаати
Бир неча йилдан буён ўқитувчилар ойлигини Молия вазирлигининг ўта марказлаштирилган ва тизимлаштирилган дастури — «UzASBO» ҳисоблаб бериб келади. Бу дастур бухгалтерларнинг ҳам ишини осонлаштирган, ўқитувчининг ҳар бир қилган ишини, иш ҳажмларини киритади, умумреспублика бўйича бир хил ҳисобланган шаблон асосида сизга ойлигингизни келтириб чиқариб беради.
«Менинг ойлигим кам чиқибди», деб ўйласангиз, бунда қайсидир иш кунингиз «қирқилган» бўлади ёки бухгалтер адашиб ёхуд атай киритмай қолган бўлади, холос. Хуллас дастурга ортиқча эътироз йўқ, тўғри ҳисоблайди, деб ўйлар эдим.
Эдим, дейишимнинг боиси — яқинда ойлик иш ҳақим ҳақида маълумот олиш вақтида бир жиҳат эътиборимни тортди. Айтмоқчи бўлганимни ўқитувчилар осонгина тушунади, қолганларга қисқача тушунтириб ўтиб кетаман.
Агарда бирор педагог асосий ишчи эмас, ўриндошлик асосида дарс бериб юрса ёки ўқитувчи касал бўлиб қолибми ёки бирор-бир ўқиш билан дарсини ўтолмайдиган бўлса, унинг дарсларини директор ёзма буйруғи билан бошқа бир педагог қўшимча дарс қилиб ўтиб турса, шу пайтгача бу қўшимча соатларга фақат ўқув тарбия жараёнига доир, яъни асосий дарс соатининг 80 фоиз қисми миқдорида ойлик тўланар эди. Ўқув тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнларига, яъни иш юкламаси учун ажратилган сумма қўшиб берилмас эди. Ўқитувчи ўриндош бўлиб бир йил дарс ўтса, иш ҳақини ҳисоблаш бир йил давомида шундай, 80 фоизлик тўлов асосида кетарди.
Масалан, менинг асосий дарс соатим 10 соат бўлган ҳолда, ҳамкасбим бирор сабаб билан бир ҳафта ишга келмаса унинг 12 соат дарсини ўзимнинг асосий ишимга қўшимча қилиб дарсини ўтадиган бўлсам, у ҳолда ўзимнинг 10 соатимга ҳар бир соатига 1 бирлик ойлик ёзилса, шеригимнинг 12 соат дарсининг ҳар бир соатига 0,8 бирлик ойлик ҳисоблаб, ёзиб берилади. Ваҳоланки, мен ўша дарсни ҳам ўзимнинг дарсим қатори тенг энергия сарфлайман, дарсдан ташқари қўшимча машғулотини ҳам ўтаман. Бу ҳол доим мени ажаблантирар эди.
Лекин шу саволга Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 27 июлдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарорида алоҳида эътибор берилган.
Унинг 4-боб, 17-бандида шундай ёзилган:
«Ўриндошлик ва соатбай асосида дарс бераётган, ишда вақтинча бўлмаган ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзининг асосий иши билан биргаликда қўшимча равишда бажараётган педагог ходимларга ўқув-тарбия жараёни билан биргаликда унга мос коэффициентдаги ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий педагогик жараён учун ажратилган соатларга ҳам ҳақ тўланади».
Ҳаммаси кундек равшан: демак, қўшимча ўтувчи соатларга ҳам асосий дарс соатга қанча ҳақ тўланса шунча тўланиши ва ниҳоят белгилаб қўйилди. Лекин бу қарор чиққанига қарийб бир ўқув йили бўлаётган бўлса ҳам, ўқитувчиларнинг қўшимча дарсларига 100 фоиз эмас, 80 фоиз ҳақ тўлаб келинмоқда!
Нима учун, деб бухгалтерлардан сўраганимда эса, Молия вазирлиги дастурлаштириб қўйган «UzASBO» дастури мана шундай ҳақ ёзиб бермоқда, бизнинг қўлимизда эмас», деган жавобни олдим.
Қизиқ, нима учун иккита вазирлик ўзаро келишиб, «тўлиқ тўлаймиз», деб қарор чиқарса-ю, Молия вазирлиги бу қарорга мослаб «UzASBO» дастурининг «Қўшимча дарс» деган графасини 100 фоиз иш ҳақи ҳисоблаб беришга ўзгартирмасдан келмоқда? Дастурчилар билмасликка олишяптими ёки қарор билан таниш эмасмилар?
Ахир бу сумма бутун Ўзбекистон бўйича ҳазилакам суммага айланмайди, аслида қўшимча дарс ўтадиган ўқитувчи ўзининг 80 фоиз меҳнат, вақт, энергиясини эмас, 100 фоиз куч сарфлайди-ку? Нега энди у икки хил стандартда олиши керак ва энг асосийси — бу адолатли эмаслиги, тўлиқ ойлик иш ҳақи тўланиши белгилаб қўйилган ҳолда ҳам айниқса, нега аввалги тарзда чала ойлик олиши керак?
Биз умид қиламизки, Молия ва Халқ таълими вазирлигидаги мутасаддилари ўқитувчиларга бу борада ўз тушунтиришларини беришади.
Исроил ТИЛЛАБОЕВ,
ўқитувчи.
Таҳририят: Ушбу мурожаатга нисбатан тегишли ташкилотлар томонидан билдириладиган расмий муносабатни сайтимиз орқали эълон қилишга тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.
Мавзуга оид
13:56 / 27.11.2025
Олий таълимда аёл профессор-ўқитувчилар улуши 46 фоизга етди
10:25 / 25.11.2025
Австрия бизнес делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради
13:15 / 08.11.2025
Қозоғистонлик ўқитувчилар ChatGPT’дан бепул фойдаланишади
22:07 / 12.10.2025