Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг якуний палласи: Ўзбекистон 2,5 ой ичида улгура оладими? Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади: ўқитувчилар мажбурий меҳнатга тизимли равишда жалб қилиндими? Бойсундан нефт чиқиши, кам литражли автомобилларга бож ва қонли автобус ҳалокати – ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЖСТ сари узоқ йўл: марра яқинми?

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида алоҳида музокара ўтказишни истаган 34 та давлатдан 33 таси билан келишувга эришди. Бу ҳақда 2025 йилги фаолиятини сарҳисоб қилган бош музокарачи Азизбек Урунов маълум қилди. У аввалроқ икки томонлама музокаралар ҳали якунланмаган ягона давлат Тайван эканини айтганди. Бундай кечикиш Тайваннинг юридик жиҳатдан суверен эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Уруновга кўра, ўтган йили 1200 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар экспертизадан ўтказилган; ЖСТ талабларига мувофиқ 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан 4 та қонун қабул қилинган. 2026 йилда аъзолик жараёнини тўлиқ якунига етказиш устувор вазифа бўлади, деди бош музокарачи.

Жараённи охирига етказиш учун Тайван билан келишувга эришишдан ташқари, Ишчи гуруҳ доирасида кўп томонлама музокараларни ҳам якунлаш, шу асосда ишчи гуруҳ ҳисоботини тайёрлаб тугатиш талаб этилади. Модомики Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини ташкилотнинг энг олий органи – Вазирлар конференциясида нишонлашни истар экан, қолган ишларга улгуриш учун олдинда атиги 2,5 ой вақт қолди.

Агар март ойи охиридаги конференциягача улгуришнинг имкони бўлмаса, Ўзбекистоннинг аъзолиги йил охиригача ЖСТ Бош кенгаши томонидан тасдиқланишини кутиш мумкин. Шундан кейин аъзолик протоколи Олий Мажлис томонидан ратификация қилиниши керак. Ратификация ҳақидаги ҳужжат ЖСТ Котибиятига топширилганидан 30 кун ўтиб, Ўзбекистон расман ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади.