Ўзбекистон | 20:41 / 04.06.2020
24114
9 дақиқада ўқилади

Канализациясиз ҳаёт: ҳар уйга биттадан оқова чуқур муаммонинг ечими эмас

Ичимлик суви муаммосини ўрганиш учун Қашқадарёнинг Нишон туманига борганимизда икки қаватли уйларда яшовчи фуқаролар канализация тармоқлари йўқлигини ҳам қайта-қайта такрорлаб, ёритишимизни сўрашди.

Фото: Kun.uz

Юқоридаги суратда кўриб турганингиз — Нишондаги икки қаватли уйларнинг оқава сувлари шундоққина бино ҳовлисидаги ҳовузга қуйилади. Унинг тўлиб кетиши, ёз кунларида бадбўй ҳид очиқ деразалардан хонадонларга мўралаши одамларни чарчатган.

Айни муаммо ўз навбатида ҳожатхона муаммосини ҳам юзага келтирган.

Хуллас, аҳоли антисанитария ҳолатидан узоқ йиллардан буён азият чекади. Чунки юздан зиёд икки қаватли уйлар бўлгани ҳолда Нишонда марказлашган канализация тизимининг ўзи йўқ.

Айтишингиз мумкин, «хўш, ахир ҳозирги вақтда қайси чекка туманда марказлашган канализация тизими бор?» деб. Ҳамма гап ҳам аслида ана шунда.

Нафақат Нишон, балки Қашқадарёдаги қатор туманларда канализация муаммосига дуч келдик. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Миришкор туманлари, Қарши шаҳридан бир неча мурожаатлар айнан канализация масаласида бўлди.

Аслида аксарият туманларда кўп қаватли уйлар канализация тармоғи билан бирга қурилган (ҳарҳолда, канализациясиз кўп қаватли уйни тасаввур қилиш қийин). Аммо ўтган асрнинг 60–70 йилларида бунёд этилган бу уйларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари аллақачон чириб, ишдан чиққан. Оқибатда сўнгги ўн йиллар давомида кўп қаватли уйлар яшовчилари аянчли муаммо қаршисида қолиб кетмоқда.

Эндиликда бу каби туманлардаги кўп қаватли уйлар атроф манзараси ҳожатхоналар билан кўз олдимизда намоён бўлмоқда. Бундан ҳам ёмони, айрим ҳудудларда ана шу ҳожатхоналарнинг ҳам етишмовчилиги яна бир муаммо. Юқорида айтилган Нишон туманида ҳам худди шу ҳолат ҳали ҳам мавжуд.

Ўтган йили вилоятнинг Шаҳрисабз тумани Мираки маҳалласидаги икки қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан келган мурожаатга эътибор беринг: «Маҳалламизга умумий ҳаммом қуришмоқчи, илтимос, олдини олишга ёрдам беринг...»

Маълум бўлишича, аҳолининг ҳаммом қурилишига қаршилиги ҳам канализация билан боғлиқ экан.

«Канализация тизими ишламаётган бўлса, ҳаммомнинг оқова сувлари қаерга чиқарилади? Яна битта оқовали ҳовуз қуриладими?» дея савол қўйган шаҳрисабзликлар. Чунки 40га яқин уйда яшовчилар шусиз ҳам канализация оқоваларидан безор бўлган.

Ана энди канализация ҳовузлари масаласида. Қанчалик хунук ва санитария қоидаларига зид бўлмасин, бизда марказлашган канализация тармоқлари ўрнига уйлар олдида кичик-кичик оқова ҳовузлари қуриш урфга айланиб бормоқда. Хусусан, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар дейсизми, минглаб қурилаётган намунавий лойиҳадаги ҳовлилар дейсизми, барчасида биттадан оқова сув ҳовузчаси.

Жорий йил Шаҳрисабз тумани Равот маҳалласида бўлганимизда аҳоли аянчли манзарадан шикоят қилганди. Янги, намунавий уйларнинг ҳар бирида юқорида айтганимиздек оқова ҳовузчаси бор. Албатта, бу ҳовузларнинг усти ёпилиб, қопқоқ қўйилган. Аммо бир ярим-икки метр чуқурликдаги қудуқ тезда тўлиб қолиб, бадбўй ҳиддан ҳовлида туриб бўлмайди.

Шаҳрисабз

Қарши шаҳридаги тизимга оид мурожаатларнинг эса барчаси қувурлари ёрилиб, ертўланинг тўлиб қолиши борасида. Шаҳарларда учрайдиган муаммоларнинг барчаси яна тизимнинг эскириб кетганига тақалади.

Гап фақат Қашқадарё вилояти ҳақида ҳам эмас. Бутун мамлакатда айни вақтда энг «уятли» муаммомиз ҳам худди шу масала бўлиб қолмоқда. Юқорида «канализациясиз ҳам кўп қаватли уй бўладими?» дегандик. Афсуски, марказий тармоққа уланмаган кўп қаватли уйлар қурилиб ётибди.

Айтайлик, Бухоронинг Ғиждувон туманида қурилган 5 қаватли ёшлар уйи яшовчилари мана бир йилдирки канализация муаммосидан азият чекишади. Бу уйнинг «марказлашган канализация тармоғи» — бино ёнидаги оқова ҳовузи. Кун ўтган сайин оқовали ҳовузлар сони ҳам ошиб боряпти...

Бухоро

Мутахассисларга кўра, канализация тармоғи бунёд этиш ичимлик сув тармоғи яратишдан кўра анча мураккаб ва қиммат. Афсуски, барибир усиз меъёрий санитар ҳолат ҳам бўлмайди, фаровонликни белгиловчи жиҳатлардан бири ҳам шу. Қанчалик қиммат, қанчалик мураккаб бўлмасин, йиллар давомида тўпланиб қолган бу оғир муаммодан халқни халос этиш вақти аллақачон келган.

Айни вақтдаги ҳолатни билиш учун республика миқёсидаги рақамларга мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Ўтган йилги маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги шаҳарларнинг 57 фоизи (79та шаҳар)да канализация тармоқлари бор. Уларнинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож бўлиб қолган.

2019 йил 5 сентябрда президент иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур соҳа танқид остига олинганди. Президент томонидан шу каби муаммоларни ҳал этиш учун соҳада олиб борилаётган ишларни кескин жадаллаштириш лозимлигини таъкидланганди.

Йиғилишда айтилганидек, мамлакатимизда 2030 йилгача сув таъминотини шаҳарларда 98, қишлоқларда 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Канализация тармоқлари эса кейинги ўн йилликда 31 фоизга етказиш белгиланган. Бунинг учун энди 4,5 миллиард доллар маблағ керак бўлади.

Табиийки, канализация тармоқларини яхшилаш учун ҳам аввало сув таъминоти керак. Биз юқорида айтган ҳудудларда ичимлик сувининг ўзи катта бир муаммо. Шу сабабдан биргина Қашқадарёнинг Ғузор ва Қамаши туманларида  ичимлик сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун (бу вилоятда ичимлик сув таъминоти 54 фоиз) бу йил 92,5 миллиард сўмлик иш бажарилиши кўзда тутилган.

Умуман, ўтган йилнинг ўзида республика бўйича бу каби ишларга 400 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу – бир йилда олдинги ўн йилликдагидан икки бараварга кўп.

Шунингдек, соҳадаги муаммоларни яхшилаш учун турли халқаро молия институтлари маблағлари ҳам жалб этилгани ҳақда бот-бот хабарлар эълон қилинмоқда.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, соҳа шунчалик абгор ҳолатга келиб қолганки, ана энди тизимдаги лойиҳалар учун улкан маблағ ажратмасдан бошқа илож ҳам йўқ.

Эндиликда яна бир энг асосий масалалардан бири — лойиҳалар ижроси ва назоратида. Қатор лойиҳаларнинг сифатсиз бажарилиши, назорат сустлиги натижасини аллақачон кўрдик. Айнан сув тармоқлари билан боғлиқ лойиҳалар ижросида ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланяптики, бу аллақачон танқид остига олинмоқда.

Жумладан, жорий йил 12 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан давлат раҳбарининг 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси ҳолатини Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда бу масала тилга олинганди.

Йиғилишда Сенат аъзолари томонидан ҳар тўртала вилоятда ҳам лойиҳаларни амалга оширишда камчиликлар йўл қўйилаётгани, уларни якунлаш ҳам кечиктирилаётгани танқид қилинди. Демак, халқимизнинг энг долзарб муаммосини ечишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйилаётгани бор гап ва бу кўз юмиладиган нарса ҳам эмас.

Яна бир мулоҳаза.

Модомики, марказлашган канализация тармоқлари жуда мураккаб ва қиммат экан, замонавий ва ноанъанавий бошқа турдаги лойиҳаларни ҳам ўрганиш ва синаб кўриш керак, бизнингча.

Мисол учун, марказий тармоқдан узоқда, аммо анчагина аҳоли яшайдиган ҳудудлар учун локал канализация тармоқларини қуриб, маълум бир ҳудудга насос билан ҳайдалган сувларни махсус иншоотда тозалаш мумкин. Бу лойиҳа ҳақда бундан бир йил олдин Уй-жой коммунал хизматлари вазирлиги масъуллари ҳам маълум қилишган эди. Фикримизча, мана шундай ёндашувлар ҳам чекка ҳудудлардаги канализация муаммоларини бартараф этишда қўл келиши мумкин.

Сўнгги масала.

Нишон ва яна бир қатор туманларда ерости сизот сувларининг йил сайин кўтарилиши аҳоли учун ҳам қишлоқ хўжалиги учун ҳам зарар келтирмоқда. Афсуски, бу сувни на истеъмол қилиш ва на қишлоқ хўжалигида ишлатиш мумкин. Бу сувни пасайтиришнинг ўзи бир муаммо. Шундай экан, эҳтимол мутахассислар канализация учун мана шу сувдан фойдаланишнинг йўллари ҳақда ўйлаб кўришар.

Уйларга ҳам ичимлик суви, ҳам техник сув етказиш ортиқча харажат экани бор гап. Аммо бу иш фақат энг сув танқис бўлган ва сизот сувлардан азият чекаётган ҳудудларда қўлланса бир йўла икки муаммонинг олди олинган бўларди. Албатта, бу ҳам бир таклиф.

Хуллас, жаҳон мамлакатларида нимаики тажриба бўлса, мутахассисларда қандай таклиф бўлса, барчасини ўрганиш, лойиҳалар ижросини назорат қилиш, нимаики қилиш мумкин бўлса, ҳаммасини қилиш керак. Токи халқимиз ҳар бир уйга биттадан оқова ҳовузи билан қолиб кетмасин.

Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид