2025 йил январ–октябр ойларида Ўзбекистонда фуқаролик объектлари қурилиши бўйича 51,6 трлн сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу жами қурилиш ишларининг 20,9 фоизини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга ўсиш қайд этилган. Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келди.

Маълумотларга кўра, фуқаролик объектлари қурилиши ҳажми Тошкент шаҳрида 13,4 трлн сўм, Самарқанд вилоятида эса 9,2 трлн сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, Тошкент вилояти (5,8 трлн сўм), Бухоро вилояти (3,8 трлн сўм) ва Фарғона вилояти (3,1 трлн сўм) ҳам йирик қурилиш ҳажмлари билан ажралиб турибди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2 трлн сўм, Навоий вилоятида 2,4 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида 2,6 трлн сўм, Хоразм вилоятида 2,1 трлн сўмлик фуқаролик қурилиш ишлари бажарилди. Андижон ва Сирдарё вилоятларида 1,8 трлн сўмдан, Жиззах вилоятида 1,1 трлн сўм, Наманган вилоятида эса 983,2 млрд сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилгани қайд этилди.