Ўзбекистон | 09:03 / 30.08.2023
23189
3 дақиқада ўқилади

Магистратура квоталарининг катта қисми бўш қолди. Яна бир марта қабул бўладими?

Давлат ОТМ магистратурасига 17,1 минг квота ажратилган эди. Бироқ атиги 6,3 минг абитуриент талабни бажариб талабаликка қабул қилинди. Яна 11 мингга яқин квота бўш қоляпти.

Фото: Getty Images

Давлат ОТМ магистратурасига қабул натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ҳужжат топширган 20 мингдан ошиқ талабгордан 9 074 нафарининг ҳужжати белгиланган талаб даражасида бўлмагани сабабли асослантирилган ҳолда рад этилган, талаб даражасида бўлган 10 980 нафар талабгор аризаси танловда иштирок этган.

Шундан 6,3 минг нафар абитуриент магистратурага талабаликка қабул қилинди:

  • давлат гранти — 3 238 нафар;
  • тўлов-контракт — 3 155 нафар.

Бу йил магистратура учун ажратилган квота 17,1 мингта эди.

Ажратилган квотанинг 11 мингга яқини бўш қолди. Ўтган йили бундай вазиятда қишки қабул ҳам ташкил этилган. Бироқ ҳозирча бу йил қишки қабул бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас.

Нималар аниқ?

Ёз ойи бошида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу йил магистратурага фақат бир марта - ёзда қабул бўлишини айтганди.

Кейинроқ қабул қилинган қарорга кўра, республикада фаолият юритувчи давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда улар филиаллари бакалавриати ва магистратурасига қабул бир ўқув йилида бир марта (июн—сентябр ойлари оралиғида) амалга оширилади. Бунда, зарур ҳолларда, олий таълим ташкилотлари магистратурасига бир ўқув йилида иккинчи марта қабул қилишга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таклифига асосан Давлат комиссияси томонидан рухсат этилганда йўл қўйилади, деб белгиланган.

Kun.uz мухбири квоталар тўлмагани сабаб бу йил ҳам Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги иккинчи қабул ҳақида таклиф ишлаб чиққан ёки йўқлигини аниқлаштириш учун вазирлик матбуот хизмати билан боғланди. У ерда жавоблар энди эълон қилингани, ҳозирча юқоридаги масала юзасидан маълумот йўқ экани билдирилди.

Бироқ вазиятдан келиб чиқилса, квотанинг ярмидан ҳам кўп қисми бўш қолган ҳолатда яна қабул бўлиши эҳтимоли юқори.

Маълумот учун: давлат ОТМ магистратурасига чет тили сертификатисиз (камида B2, филология йўналишларига C1 даража) ҳужжат топшириб бўлмайди. Магистратурага танлов диплом ўртача балли ва чет тили сертификати даражасига қараб ўтказилади.

Мавзуга оид