Жаҳон | 08:30 / 04.03.2026
6002
4 дақиқада ўқилади

Трамп: АҚШ Эронга зарбаларни қўллаб-қувватламаган Испания билан савдони тўхтатади

АҚШ Испания билан савдо муносабатларини тўлиқ узиш ниятида, чунки мамлакат Эронга зарба бериш учун ўз базаларидан фойдаланишга рухсат бермаган, деди Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп.

Фото: AP

Яқин Шарқдаги урушда Европа мамлакатларининг иштироки ҳақида гапирар экан, Трамп айримлари “ажойиб” бўлиб, АҚШга ёрдам берганини, бошқалари эса “жуда ёмон” бўлганини айтди.

У, шунингдек, Мадрид мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишдан бош тортганини эслаб ўтди. “Улар НАТОда 5 фоизгача оширишга рози бўлмаган ягона мамлакат бўлди. Менимча, улар умуман ҳеч қандай даражагача оширишга ҳам рози бўлмасди. Улар 2 фоизни қолдирмоқчи бўлди, лекин ўша 2 фоизни ҳам тўламайди”, — деди Трамп Оқ уйда Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашувда.

“Шунинг учун биз Испания билан барча савдони тўхтатмоқчимиз. Биз Испания билан ҳеч қандай иш қилишни истамаймиз”, — деди АҚШ раҳбари. У, шунингдек, “Буюк Британиядан ҳам норозилигини” қўшимча қилди: у ҳам АҚШ—Исроилнинг Эронга зарбаларида ёрдам бермаган. “Биз Уинстон Черчилл билан ишлаётганимиз йўқ”, — деди у Британия бош вазири Кир Стармер ҳақида гапириб.

Шу билан бирга, Трампнинг айтишича, агар хоҳласа, АҚШ барибир Испания базаларидан фойдаланиши мумкин эди. “Испания амалда бизга ўз базаларидан фойдаланиш мумкин эмаслигини айтди. Биз хоҳламаймиз. Биз истасак, уларнинг базасидан фойдаланишимиз мумкин эди. Биз шунчаки учиб келиб, ундан фойдаланишимиз мумкин. Ҳеч ким бизга ‘фойдаланма’ деб айта олмайди, лекин бизга бу керак эмас”, — деди АҚШ президенти.

Испания ҳукумати эса, ўз навбатида, АҚШни халқаро ҳуқуқ ва Евроиттифоқ билан икки томонлама савдо келишувларига риоя қилишга чақирди. У, шунингдек, Испания АҚШ томонидан қўлланиши мумкин бўлган савдо эмбаргосининг эҳтимолий оқибатларини юмшатиш учун етарли ресурсларга эга эканини билдирди.

Испания ва АҚШ Испаниянинг жанубида, мамлакат юрисдикцияси остида жойлашган Морондо ва Ротадаги ҳарбий авиабазаларидан биргаликда фойдаланади. Испания ҳукумати бу базалар Эронга зарбалар учун ишлатилмаслигини маълум қилди. Шундан сўнг АҚШ авиацияси Германияга кўчирилган, деб хабар берган эди Reuters. Бироқ Испания матбуотидаги манбалар, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши урушда Испанияда доимий жойлашган ҳарбий хизматчилар, кемалар ва самолётлар иштирок этаётганини ҳам айтган.

Буюк Британия ҳукумати эса, The Times хабар беришича, АҚШга Эронга зарбалар учун Англиядаги Глостершир графлигида жойлашган Фэрфорд базаси ва Ҳинд океанидаги Диего-Гарсия оролидаги базадан фойдаланишга рухсат бермаган. Нашр маълумотига кўра, Оқ уй Эронга зарба бериш режасини ишлаб чиққан бўлиб, унда айнан шу базалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Британия бош вазири Кир Стармер Буюк Британиянинг зарбаларда иштирок этмаслик қарори пухта ўйлаб чиқилганини, чунки Лондон вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш тўғри, деб ҳисоблашини айтган. The Times маълумотига кўра, Британия ҳукумати АҚШ билан бирга уларни халқаро ҳуқуқни бузишда айблашларидан хавотирланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид