Ўзбекистон | 23:15 / 18.07.2024
7542
3 дақиқада ўқилади

Мустақиллик байрами «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилади

Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чоралари белгиланди.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, байрам тадбирлари «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилади.

Ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, шунингдек, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» бўйича қабул қилинган давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.

Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланади.

Ҳудудларда Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, уч авлод учрашувлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, сайиллар, маданият ва спорт тадбирлари, гастрономик фестиваллари ўтказилади.

Жойларда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари етакчи ўринда турадиган ижтимоий давлат ва халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган тарихий ишлар, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан эришилаётган улкан натижаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади.

Давлат мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий ва жанговар қудратини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилади.

Мустақиллик байрами муносабати билан кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилади.

Миллий истиқлол, халқ озодлиги учун курашиб, шу йўлда жон фидо этган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболар хотираси ёд этилади.

Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси билан биргаликда «Она диёр – ранглар жилосида», «Ватан учун яшайлик!», «Энг улуғ, энг азиз» каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказилади.

Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловларининг якуний босқичи ўтказилади.

Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

Мавзуга оид