Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Умуман иқрор эмасман» – Санжар Каримовга оид суд иш бошлади
Жиноят иши ЖИБ Мирзо Улуғбек тумани судида кўриб чиқилмоқда. Судланувчи суд мажлисларини ёпиқ тарзда ўтказишни сўради, судлов ҳайъати буни рад этди ҳамда ОАВ вакилларига суд мажлисини аудио шаклида ёзиш ва фотосуратга олишга рухсат берилди.
Ижтимоий тармоқларда Real Sanjik тахаллуси билан танилган Санжар Каримовга оид жиноят ишини биринчи инстанция судида кўриб чиқиш бошланди.
Санжар Каримов ва унинг адвокатлари суд мажлисларини ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Судлов ҳайъати буни рад қилди: иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши билдирилди. ОАВ вакилларига суд мажлисини видеотасвирга олиш рад этилди, шу билан бирга, суратга олиш ҳамда аудио шаклда ёзиб олишга рухсат берилди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, дастлабки суд мажлисида томонларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Шунингдек, эълон қилинган айблов бўйича фикрлар тингланган.
Хусусан, Санжар Каримовдан эълон қилинган айбловларга иқрор ёки иқрор эмаслиги ҳақида сўралган.
«Менга қўйилган айбловларнинг бирортасига иқрор эмасман», – деган айбланувчи.
Шундан сўнг жабрланувчилардан бири Феруза Раҳматуллаева тингланди.
Унга кўра, Санжар Каримов қўнғироқ қилиб, ўғли Шаҳзод Рисматов Олимбоеванинг уйини гаровга қўйган ҳолда ундан пул олганини, ўша пулни қайтариб беришни айтган ва бунинг учун бир ҳафта муҳлат берган. Шундан сўнг жабрланувчи мулкларини сотишга киришган. Бу пайтда Шаҳзод Рисматов Дубайда бўлган.
“Ўғлимнинг иккита машинаси ва ҳамда паспортини Санжар Каримов олиб қўйган экан. Олимбоеваларнинг уйини ҳам гаровга олган экан. Булардан мени хабарим йўқ эди.
Бир ҳафтада Санжар Каримовга пул беролмадим. Кейин жудаям сиқилдим, ҳар хил жойларга мурожаат қилдим. Ўша бир ҳафтада уйимга ҳар хил одамлар келди, босимлар қилишни бошлашди, қўрқитишди.
…Кейин Санжар Каримов телефон қилиб, болангнинг тобутини кўтарасан, шарманда қиламан ўғлингни, кино чиқараман, дея ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди.
Ўша ишда жабрланувчиларнинг ҳаммаси Санжар Каримовнинг илтимоси билан менинг ўғлимнинг устидан ёзишди. Лекин ўша пулларни менинг ўғлим олмаган. Терговда ўғлим тўғри кўрсатма берган: Санжар Каримовга офисда пул берганини айтган.
Терговда мени чалғитишди. 8 соат терговда олиб ўтиришди. Телефонимни олиб қўйишди. “Ўғлинг мана шунақа кўрсатма бермаса бўлмайди. Санжар Каримов уларнинг уйларини бериб юборади. Ўғлинг фақат шунақа кўрсатма бериши керак. Пулни булар нотариусда олган, деб айтишинг керак”, дейишди.
Санжар Каримов терговчиларни ҳам қўлга олиб, ўғлимни 9 йилга қаматиб юборди. 700 минг долларлик нарсаларимизни ўртоқлари билан бўлишиб олди. У пулларни қайтариб бермаслик учун ўғлимга ариза ёзди. Лекин терговда ҳеч қанақа далилсиз, исботсиз ўғлимни қамашди”, деди Феруза Раҳматуллаева.
Жабрланувчи “Ўғлингиз Санжар Каримовдан пулларни нима мақсадда олган экан?”, деган саволга Дубайда бизнес қилишмоқчи бўлишган, деб жавоб қайтарди.
“Ўша болалар Дубайда бизнес таклиф қилишган. Криптовалюта қиламиз, ойига 30 минг долларми, шунақа пул келиб туради дейишган. Улар 500 минг долларми сўрашган. Кейин у Санжар Каримовдан пул олиб бераман деган.
Ўғлим 210 минг олган. Санжар Каримов 2 та машинасини олиб қўйиб, ўғлимни Иброҳим деган болага олиб бориб берган. Ўғлим у пулни ишлатиб юбормаган. Чунки улар пулни Дубайга ўтказамиз дейишган. Кейин ўғлим бир ҳафта кутган, 10 кун кутган, пулдан дарак бўлмагандан кейин ўзи Дубайга борган. Дубайда ўша болаларнинг қўлига тушган”, деди у.
Маълум қилишича, Феруза Раҳматуллаева шундан сўнг ўғлини олиб келиш учун Дубайга борган. Бироқ аэропортда Шаҳзод Рисматовни қўлга олишган.
Феруза Раҳматуллаеванинг кўрсатмалари эшитилгач, суд мажлисида танаффус эълон қилинди. Навбатдаги суд мажлиси 13 апрел кунига белгиланди. Унда яна бир жабрланувчи Шаҳло Олимбоеванинг кўрсатмалари тингланади.
Санжар Каримовга оид жиноят иши “Қочоқ “куёв” ва алданган “келин” иши билан боғлиқ. Шаҳзод Рисматов ушбу жиноят иши доирасида фирибгарликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбланмоқда.
Унга 2025 йил 28 ноябрда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди.
Мавзуга оид
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
23:21 / 08.04.2026
Дунёга машҳур брендлар Ўзбекистонда контрафакт маҳсулот бўйича суд ишида ютиб чиқди
18:16 / 08.04.2026
Санжар Каримов иши судга чиқди
18:44 / 01.04.2026