Бўлажак турмуш ўртоғининг уйини алдов йўли билан блогер Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига ундан қарзга пул олгани айтилган Шаҳзод Рисматов ишида суд ҳукми ўқилди: суд уни жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топди ҳамда 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Низоли уй масаласи фуқаролик иш юритиш тартибида ҳал этилиши белгиланди.

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида Шаҳзод Рисматовга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, эълон қилинган суд ҳукмига кўра Шаҳзод Рисматов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилган. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Суд ҳужжатида судланувчи Шаҳзод Рисматовдан уч нафар жабрланувчи фойдасига жами 4 млрд 879 млн сўм миқдорида зарар ундирилиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, низоли уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли экани билдирилган.

Бундан ташқари, суднинг алоҳида ажрими билан Шаҳзод Рисматовга оид жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган. Мазкур ажримдан норози томон ўн сутка муддат ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтириши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Қочоқ “куёв” иши

Тошкентда яшовчи Жамила Олимбоева йигити Шаҳзод Рисматовни фирибгарликда айблаганди. У Рисматов алдов йўли билан уйини Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига Каримовдан қарзга пул олганини маълум қилган.