Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёга машҳур брендлар Ўзбекистонда контрафакт маҳсулот бўйича суд ишида ютиб чиқди
Сурхондарёда Hugo Boss, Puma ва Tommy Hilfiger брендларидан ноқонуний фойдаланган корхона жазоланди.
Фото: inkl
1 апрель куни Сурхондарё вилояти иқтисодий судида “Hugo Boss AG” (Германия), “Puma SE” (Германия) ҳамда “Tommy Hilfiger Licensing B.V” (Нидерландия) компаниялари вакили томонидан киритилган даъво аризасига асосан халқаро брендлар — Hugo Boss, Puma ва Tommy Hilfiger товар белгиларини ҳимоя қилиш бўйича иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Судда аниқланишича, жавобгар бренд эгалари билан ҳеч қандай лицензия шартномаси тузмасдан товар белгиларидан ноқонуний равишда фойдаланган, контрафакт маҳсулотларни савдога чиқарган ва фаол реклама қилгани тасдиқланди. Хабарда жавобгар номига аниқлик киритилмаган.
Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузарга товар белгиларидан ноқонуний фойдаланишни тўхтатиш, контрафакт маҳсулотларни муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш, шунингдек ноқонуний қўлланган белгиларни маҳсулот ва қадоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, ҳуқуқбузардан компанияларлар фойдасига жами 61,8 млн сўм компенсация ҳамда давлат божи, почта ва суд харажатлари билан бирга 111 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилиши белгиланган.
Hugo Boss – 1924 йилда Германияда ташкил этилган премиум сегментдаги немис бренди бўлиб, нафис костюмлари, иш кийимлари ва юқори сифати билан машҳур.
Puma – 1948 йилда Германияда ташкил этилган компания. У югуриш пойабзали, футбол формаси, спорт турмуш тарзи ва тезкор инновацияларга ихтисослашган.
Tommy Hilfiger – 1985 йилда Америкада ташкил этилган компания бўлиб, кенг ассортиментдаги кийимлар, пойабзал ва аксессуарларни ишлаб чиқаради.