Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санжар Каримов иши судга чиқди
Ижтимоий тармоқларда Real Sanjik тахаллуси билан танилган Санжар Каримовга оид жиноят иши судга оширилди. У ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, фирибгарлик ҳамда наркожиноятда айбланмоқда.
Санжар Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Суд мажлислари жадвалига кўра, мазкур жиноят иши биринчи инстанцияда ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида судя Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқилади. Дастлабки суд мажлиси 2026 йил 10 апрел кунига белгиланган.
Жадвалда келтирилишича, Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбланмоқда.
Жиноят ишида 2 киши жабрланувчи сифатида келтирилган. Улар Шаҳзод Рисматов ишига алоқадор бўлиши мумкин.
Қочоқ “куёв” ва алданган “келин” иши
Тошкентда яшовчи Жамила Олимбоева йигити Шаҳзод Рисматовни фирибгарликда айблаганди. У Рисматов алдов йўли билан уйини Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига Каримовдан қарзга пул олганини маълум қилган.
Олимбоеванинг ушбу даъвосидан сўнг Санжар Каримов уйни эгаларидан 240 минг доллар нақд тўлов эвазига сотиб олганини айтиб чиқди.
“Бу можарога алоқам йўқ. Уйни ўз пулимга сотиб олдим. Агар уларнинг бизнеси муваффақиятсизликка учраган бўлса, бунинг менга нима алоқаси бор? Мен 240 минг доллар тўлаганман. Мен уйни уларга ёрдам бериш истагида сотиб олдим”, деганди Санжар Каримов.
2025 йил 21 ноябр куни ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида Шаҳзод Рисматовга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Суд ҳукмига кўра, Шаҳзод Рисматов жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилди ва унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ишни кўрган судя алоҳида ажрим чиқариб, Санжар Каримовнинг бу фирибгарлик ишидаги иштирокини текшириш ва хатти-ҳаракатининг қонунийлигига баҳо бериш учун прокуратурага хабарнома юборган эди.
ЖИБ Миробод туман судининг 2025 йил 28 ноябрдаги ажрими билан Санжар Каримовга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди.
Мавзуга оид
12:57 / 04.04.2026
Тошкентда ер сотуви ортидаги фирибгарлик схемаси очилди
11:13 / 02.04.2026
Kun.uz огоҳлантирганди: “Global avto” фирибгарлик схемаси экани тасдиқланмоқда
18:44 / 01.04.2026
Судлардан норози эркак Олий суд қаршисидаги дарахтга чиқиб олди
09:58 / 01.04.2026