Ўзбекистон | 14:09 / 22.12.2022
15300
4 дақиқада ўқилади

Халқаро олимпиададан бронза олиб келган сурдлимпиачилар ҳукуматдан тақдирланишни сўраяпти

2022 йил май ойида эшитишида нуқсони бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган халқаро олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар 3та бронза медалини қўлга киритишган. Совриндорлар Ўзбекистон ҳукумати уларни тақдирлаш учун пул ажратмаганидан норози.

Шу йилнинг май ойида Бразилияда эшитишида нуқсони бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида Ўзбекистондан 31 нафар спортчи иштирок этганди. Мусобақада спортчиларнинг 3 нафари бронза медалини қўлга киритган. Улар муносиб тақдирланмагани учун ҳукуматдан норозиликларини билдиришмоқда.

XXIV ёзги Сурдлимпия ўйинларида Дилбар Тожибоева, Мафтуна Абдиюсупова, Гўзал Эшмирзаева бронза медалини қўлга киритишган. Уларнинг мураббийи Даврон Хидировнинг айтишича, шогирдларига эътибор қаратишни сўраб, Спортни ривожлантириш вазирлигига мурожаат қилган. Мураббий хатига жавобан вазирлик бош вазир Абдулла Ариповга 2022 йилнинг 8 июнда бронза медалини қўлга киритган ҳар бир сурдлимпиячига 10 000 доллар, спортчиларни тайёрлаган мураббийларга 5 000 доллар миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлашини сўраб мурожаат йўллаган. Буни вазирлик Kun.uz’га ҳам тасдиқлади.

«Биз қўлимизда қарор бўлмай туриб уларга пул ажратолмаймиз. Ҳозир бу масалани ҳукумат кўриб чиқяпти. Президент қарорига кўра, ҳозир фақат халқаро чемпионатларда олимпиада ва паралимпиячиларга пул ажратиш масаласи кўрсатилган. Биз бош вазирга киритган таклифда уларнинг ёнида сурдлимпиачиларни ҳам тақдирлаш масаласини қўйганмиз, лекин қачон ҳал бўлишини билмаймиз», – деди вазирлик расмийси.

Вазирликнинг айтишича, улар совриндор бўлиб келган спортчиларнинг ҳар бирига 10 миллион сўм, мураббийларига 5 миллион сўм вазирлик ҳисобидан бериб тақдирлашни таклиф қилишган, лекин сурдлимпиачилар буни рад этган.

«Бунга сабаб – дейди мураббий Даврон Хидиров – спортчиларнинг йиллар давомида машғулотга бориб келишига йўлкира харажатига бундан ҳам кўп харажат кетган. Мисол учун Мафтуна Абдиюсупова Тошкент вилояти, Паркент туманида яшайди. Машғулотларга Тошкент шаҳрига қатнайди, машғулотлар эса одатда кеч соат 20.00дан 22.00гача бўлади. «Тасаввур қилинг, бундай пайт бориб келиш учун йўлкирага қанча сарфланади?»

Шу масалани бир неча бор ёзган карлар жамияти фаоли Маъмуржон Аҳлидинов бу спортчиларга эътибор берилмаётгани сабаб, улар кейинги йиллардан мусобақада қатнашиш ёки ғолиб бўлиб келишга ҳаракат қилмай қўйишади деган фикрда.

«Билишимча, эшитишида нуқсони бўлган спортчиларга Қозоғистон ҳукумати худди Олимпия ва Паралимпия ғолиб, совриндорлари каби 75, 150 ва 250 минг доллар (бронза, кумуш ва олтин медаль учун) мукофот пули ажратишни ваъда қилган.

Бразилияда бўлиб ўтган сурдлимпия ўйинларда қозоқлар 4 та олтин, 7 та кумуш ва 18 та бронзани қўлга киритишди. Бу – Қозоғистон Сурдлимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига бюджетидан 3 миллион 400 минг АҚШ доллари ажратади дегани. Балки шунинг учун ҳам қозоқлар Бразилиядаги мусобақада 29та медални қўлга киритишди», – дейди у.

Маълумот учун, эшитишида нуқсони бўлганлар олимпия ва паралимпия ўйинларида иштирок этолмайдилар. Паралимпияда фақат жисмоний имконияти чекланган спортчилар қатнаша олади. Шунинг учун 1924 йилдан карлар учун алоҳида Сурдлимпия ўйинлари ташкил қилинган ва Олимпиада ўйинлари каби ҳар 4 йилда бир марта тантанали очилиб, мусобақага старт берилади. 

Мавзуга оид