Халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари асосан аниқ ва табиий фанлар йўналишида ўтказилади. Шундай олимпиада ғолибларига каттароқ совринлар берилиши бошланганидан бери, Ўзбекистондан ҳам халқаро олимпиадачилар сони ошган. Мактабгача ва мактаб таълими берган маълумотга кўра, нуфузли халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозлари учун 2019 йилдан буён 4,1 млрд сўмлик пул мукофотлари ажратилган. Ўтган йилнинг ўзида 39 нафар ўқувчи минтақавий ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда ғолиб бўлиб қайтишган.
37 та медал
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 2017 йилдан бери IMO, ICHO, IBO, IPHO, IOI каби халқаро мусобақаларда иштирок этиб келишади. Шу вақт давомида ўқувчилар 4 та олтин, 13 та кумуш ва 20 та бронза – жами 37 та медални қўлга киритишган. 2017 йилда минтақавий халқаро олимпиадаларда жами 37 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 308 нафарга етган.
2022 йилдан бошлаб ўқувчиларни нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ва уларга зарур билим ва кўникмаларни ўргатиш мақсадида алоҳида тайёрлов дастури амалиётга жорий этилган.
Ўша йили иштирокчи ўқувчиларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш учун илк марта пойтахтдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси танланган. Бу тайёрловда 17 нафар ўқувчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва келгуси йиллар учун резервга киритилган, саралаш олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этган 50 нафар 9-10-синф ўқувчилари қатнашган.
Уларга математика, кимё, биология ва физика фанларидан АҚШ, Жанубий Корея, Россия давлатлари терма жамоаларини халқаро олимпиадаларга тайёрлашда бевосита иштирок этиб келаётган 6 нафар хорижий тренер-ўқитувчилар ва турли йилларда халқаро олимпиадаларда медалларни қўлга киритган ўзбекистонликлар билим беришган.
Ғолиблар учун мукофот ва имтиёзлар
Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, халқаро олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаган ўқувчиларга қуйидаги имтиёзлар берилади:
– Халқаро математика олимпиадаси, Халқаро физика олимпиадаси, Халқаро кимё олимпиадаси, Халқаро биология олимпиадаси ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади;
– асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3 ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўз ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат билан тақдирланади”.















