Ўзбекистон | 23:04 / 05.02.2020
12616
4 дақиқада ўқилади

Қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартиби жорий этилади — Президент қарори

2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектлари учун хавф-хатарлар тоифалари ва объектларнинг функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартибини жорий этилади.

Бу — Президентининг 5 февраль куни имзоланган «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида​»га қарорида ўз аксини топган.

Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади:

·       объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишга, объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби ва даврийлигига қўйиладиган табақалашган талабларни уларнинг хавф-хатарлар тоифаси ва функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;

·       қурилиш якунланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан объектнинг қурилиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини инструментал техник текширувдан ўтказишни жорий қилган ҳолда, хавф-хатар тоифаси паст ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари учун лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси, муаллифлик назорати ва давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича мажбурий талабларни бекор қилиш;

·       Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар инспекторларига, шунингдек, хавф-хатар тоифаси юқори бўлган объектларда техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларга қўйиладиган малакавий талаблар ва уларнинг жавобгарлигини кучайтириш;

·       «Қурилишдаги назорат» қуйи тизимини 2020 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширган ҳолда, 2020 йил давомида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш.

Инспекция ва ҳудудий инспекцияларга давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

·       бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш;

·       юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

·       лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;

·       объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид