Ўзбекистон | 15:38 / 21.11.2025
2443
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой қурилишида комплекс қурилиш тамойили жорий этилади

Президент фармонига мувофиқ, уй-жой қурилишида комплекс қурилиш тамойили жорий этилиб, замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилгача 50 фоизга етказиш ҳамда “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида соҳани тубдан ислоҳ қилиш вазифаси қўйилди.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони (ПФ–219-сон, 2025 йил 18 ноябр) қабул қилинди.

Фармонга кўра, уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб қўйилди, жумладан:

“Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;
уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.

Фармонга мувофиқ, қуриб битказилмаган уй-жойларни биринчи навбатда қурилишга жалб этиш, шунингдек, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда уй-жой инфратузилмасини олдиндан барпо этишни назарда тутувчи комплекс қурилиш тамойили асосида уй-жойлар қурилишини ташкил этиш тартиби жорий этилади.

Комплекс қурилиш тамойили доирасида, хусусан, қуйидагилар таъминланади:

комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;
лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланиш.

Қайд этилишича, мазкур ислоҳотлар уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш, қурилишнинг сифатини ошириш, аҳолининг замонавий, қулай ва экологик жиҳатдан хавфсиз уй-жойларга бўлган талаби юқори даражада қондирилишига хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид