Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб экология соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкцияларни фақат юридик шахсларга нисбатан қўллаш тартиби жорий этилади. Бу санкциялар жисмоний шахсларга тааллуқли бўлмайди.

Президент фармонига кўра, бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Молиявий санкцияни тўлаш – Экология қўмитасининг талабини бажариш мажбуриятидан озод қилмайди.

Юридик шахслар учун молиявий санкциялар жорий қилинадиган қонунбузарлик ҳолатлари рўйхати:

  • дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш;
  • сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш;
  • дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, йўқ қилиш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслик;
  • ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш ёки атмосфера ҳавосидан белгиланган талабларни бузган ҳолда фойдаланиш;
  • қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик;
  • ёқилғи, моддалар, материал ва чиқиндиларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик;
  • чиқиндилар билан муомалада бўлишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик.

Молиявий санкциялардан тушган маблағлар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш жамғармасига йўналтирилади.

Тегишли қонун лойиҳаси 1 ой муддат ичида ишлаб чиқилиб, Президент администрациясига киритилиши керак.