Ўзбекистон | 01:33 / 20.09.2023
33518
5 дақиқада ўқилади

Жаҳон миқёсида ишонч инқирози, пахта қуллигидан қутулиш, Афғонистон ва Марказий Осиёдаги сув муаммоси — Мирзиёев БМТ минбаридан нутқ сўзлади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади.

Фото: БМТ

Мирзиёев Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётганига урғу берди.

«Буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларидаги эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда», — деди Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг келгусида ривожланиш йўналишларига ҳам тўхталди.

«Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз инсон қадри ва манфаатлари учун деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бормоқда», — деди президент БМТ минбарида.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2017 йилдан буён камбағаллик 2 баробарга камайган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Президент ўтказилган ислоҳотлар пахта яккаҳокимлигидан қутулишга олиб келганини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Бир аср давомида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми, ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркор, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкот эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида қора рўйхатларга киритилган эди. Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди», — деди президент.

Ўзбекистон президенти 2024 йили БМТ шафелигида «Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл» бутунжаҳон конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё бирдамлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди у.

Бундан ташқари, глобал иқлим исиши Марказий Осиё минтақасида сув тақчиллигини келтириб чиқариш муаммосига эътибор қаратди.

«Сўнгги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача 1,5 градусга кўтарилди. Бу дунёдаги ўртача исишдан 2 карра кўп. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин 20 йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё — Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминлаш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлар ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда», — деди Мирзиёев.

Шуларни эътиборга олиб, Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик учун ҳамжиҳатлик» номли БМТ резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

«Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтаётган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНEСКО шафелигида «Динлараро мулоқот ва бағрикенглик» халқаро марказини ташкил этишни таклиф этамиз», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш катта хато бўлишини қайд этди.

«Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз. Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистонда Осиё хотин-қизларининг форумини ўтказишни ҳам таклиф қилди.

Мавзуга оид