Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилнинг янги хавфсизлик доктринаси: Сурия жануби буфер зоналарга бўлинадими?
Исроил манбаларига кўра, Тел-Авив Сурия билан чегарани бир қанча янги буфер зоналарга ажратиш ташаббусини илгари сурган. Урушни ўрганиш институти бу схемани мамлакат харитасида аниқ тасвирлаб берган эди. Kun.uz’нинг «Геосиёсат» дастурида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт, профессор Фарҳод Каримов ушбу демилитаризация таклифининг моҳияти, стратегик мақсадлари ва унинг минтақавий оқибатларини хариталар узра таҳлил қилди.
Исроил томонидан Сурия харитасида кўрсатилган ранглар нимани англатади?
Фарҳод Каримов: Исроилнинг хавфсизлик концепцияси ва доктринаси шундан иборатки, унга қарши бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай омиллар ва кучларни Исроил фақат ўз ҳудудида эмас, балки унинг ташқарисидаги ҳудудларда ҳам йўқ қилиш ҳуқуқига эга, деб қабул қилинган. Дунё буни расмий равишда тан олмаслиги мумкин, лекин Исроил бу принципни ўз сиёсатига асос қилган ва уни амалга оширишда фақат АҚШ чекловчи рол ўйнаши мумкин, бошқа давлатларда бундай босим даражаси йўқ. Бу доктринага биноан, Исроил шимолдан келиши мумкин бўлган таҳдидларни (масалан, Ливандаги Ҳизбуллоҳни) Ливан ҳудудида ҳам, Сурия ҳудудида ҳам йўқ қилиш ёки қуролсизлантириш ҳуқуқини ўзида кўради. Асад даврида Исроил вақти-вақти билан ракета ва ҳаво ҳужумлари орқали Ҳизбуллоҳ ҳамда Эрон ва Суриядаги иштирокчиларни нишонга олган; ҳатто Дамашқдаги айрим дипломатик корпусларга ҳам ракета зарбаси йўллаган ҳолатлар ҳам кузатилган. 1967 йилда босиб олинган ҳудудлар ва сўнгра 1974 йилга оид воқеалар ҳам муҳим рол ўйнайди. 1974 йилги битим (31 майдаги шартнома) натижасида АҚШ ва БМТ ташаббуси билан Исроил баъзи ҳудудларни бўшатиб, уларнинг баъзилари БМТ махсус кучлари томонидан нейтрал (буфер) зона сифатида назорат остига олиниши қайд этилган. Бу ҳолат 2011 йилга яқин ва ҳаттоки Асад ҳокимияти ағдарилгунча сақланиб турган. Ҳозирги таклиф ва концепция Суриядаги янги ҳукумат шакллангунча Исроил ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун Суриянинг жанубида тўрт қисмдан иборат нейтрал, қулай ҳудуд яратишни таклиф қилмоқда. Ушбу таклифнинг асосий элементлари:
- 1967 йил ҳудудлари ўз ҳолича қолади (Исроил уларни топширишни мақсад қилмайди).
- Кўк рангли ҳудудда халқаро кучлар (масалан, БМТ назорат кучлари) жойлаштирилади, бу ҳудуд 1974 йилги ҳолатга ишора қилади.
- Сариқ рангда кўрсатилган ҳудуд Дамашққа яқинроқ, баъзи жойларда ҳаттоки Дамашққа бориб тақалиши мумкин бўлган демилитаризацияланган, яъни оғир артиллерия ва мунтазам армия жойлаштирилишини тақиқловчи режа назарда тутилади.
- Қўшимча ҳимоя сифатида Сувайда провинциясидан тортиб Иордания чегарасигача бўлган ҳудудни ҳаво учун ёпиқ (no-fly) зонаси сифатида эълон қилиш таклиф этилмоқда, бу ҳудудга ҳаво кемалари ва ҳарбий учувчилар киритилмаслиги кўзланган.
- Харитада кўк ва сариқ ранглар билан белгиланган ҳудудларнинг аниқ чегаралари Исроил концепциясида очиқ қолмоқда, Исроил кўк ҳудудни (1974 йилги ҳолат) кенгайтириши ёки сариқ ҳудудни Дамашққача чўзиши мумкинлиги инкор этилмаяпти. Шундай қилиб, режа ҳам амалий, ҳам ғоявий жиҳатдан Исроилга максимал хавфсизлик кафолатини яратишга қаратилган.
Нега Исроил Сурияни бундай қисмларга ажратяпти?
Фарҳод Каримов: Исроил талқинига кўра, ҳозирда Ҳизбуллоҳ фаолияти қайта жонланиб, ўзининг оғир артиллерияси ва ракета тизимларини янгиламоқда. Тел-Авив фикрича, бу фаолият ортида Эроннинг фаоллашуви сезилаётгандек. Исроил учун асосий хавф манбаи сифатида Эрон томонидан қурол-логистика ва унинг эҳтиёт қисмларининг Суриянинг шимоли ва Ливан орқали етказиб берилиши кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, ушбу маълумотларнинг барчаси учун аниқ ва мустаҳкам далиллар борлиги оммавий тарзда тасдиқланмаган. Исроил бу турдаги хавотир ва лойиҳаларни ҳатто Асад ҳокимияти даврида ҳам илгари сурганини унутмаслик керак. Мисол учун, тарихий контекстда Жўлан тепаликлари ва атрофида юз берган ўзгаришларга мурожаат қилинса, 1974 йилдан сўнг, АҚШ босими остида Ал-Қунайтира шаҳри ва атрофидаги баъзи ҳудудлар Сурия назоратига қайтарилган, аммо Исроил Қунайтира вилоятининг тўлиқ топширилмаслигини талаб қилган. 1971 йилда таклиф қилинган айрим режалар эса Жанубий Сурияни демилитаризациялаш ва бутунлай ҳарбийлаштирилмаган ҳудудга айлантиришни назарда тутган, бироқ БМТ, АҚШ ва халқаро ҳамжамият тўлиқ қўллаб-қувватламагани учун бу режа амалга ошмаган. Ҳозирги кунда, Исроил назарида Сурияда марказлашган куч йўқлиги ва Сувайда провинциясида Аш-Шаръага қарши друзлар билан бўлган зиддиятлар мавжудлиги туфайли, улар бу эски лойиҳани қайта тиклаш учун асос борлигини айтмоқда. Исроил бу вазиятни друзларни ҳимоя қилиш, кичик миллатларни марказий ҳокимиятдан ажратмаслик каби сабаблар билан тушунтиришга интилмоқда ва бутун Жанубий Сурияни назоратсиз «буфер зона»га айлантиришни мақсад қилаётгани иддао қилинмоқда.
Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:33
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
17:00 / 31.03.2026
Исроил парламенти «терроризм»да айбланган фаластинликлар учун ўлим жазоси киритди
09:45 / 31.03.2026
Германия канцлери суриялик қочқинларни уйига қайтишга чақирди
08:37 / 30.03.2026