Ўзбекистон | 10:10 / 03.05.2024
2849
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда Эрон корхоналари учун алоҳида саноат зонаси ташкил этиляпти

Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари 27 апрел-1 май кунлари Теҳронда бўлиб ўтган Iran Expo-2024 халқаро кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Ушбу кўргазма давомида Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Унда Эрон Савдо-саноат палатаси, Эрон-Ўзбекистон қўшма савдо палатаси, Эрон Савдони ривожлантириш ташкилоти раҳбарияти, шунингдек, 80 дан ортиқ маҳаллий компания вакиллари ва Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ корхоналари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев форумдаги нутқида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Хоразм вилоятида Эрон корхоналари учун алоҳида саноат зонаси ташкил этилаётганини билдирди. У эронлик тадбиркорларни ушбу саноат зонасига турли соҳаларда ўз лойиҳаларини амалга оширишга таклиф қилди.

Эрон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти айни пайтда давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси мавжуд салоҳиятга жавоб бермаслигини ва ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар борлигини таъкидлади.

Бизнес-форум доирасида икки мамлакат компаниялари ва ишбилармон доира вакиллари ўртасида B2В шаклиги музокаралар уюштирилди. Музокаралар натижасида томонлар ўзаро манфаатли келишувларга эришди.

Мавзуга оид