Жаҳон | 21:16
648
5 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон можарони тўхтатиш бўйича меморандум имзолашга яқин — ОАВ

Меморандум атиги бир саҳифадан иборатлиги таъкидланмоқда. Унга кўра томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади, Ҳўрмуз бўғозини очади ва кейинроқ Эроннинг ядровий дастури бўйича батафсил музокараларга ўтади.

Фото: ATTA KENARE / AFP

Оқ уй яқин келажакда Эрон билан ўзаро англашув меморандумини имзолаш орқали урушни якунлай олишига ишонмоқда, унга кўра томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади, Ҳўрмуз бўғозини очади ва кейинроқ Эроннинг ядровий дастури бўйича батафсил музокараларга ўтади. Буни Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Покистондаги манба ҳам тасдиқлади, деб хабар берди Axios.

Қайд қилинишича, меморандум атиги бир саҳифадан иборат. АҚШ яқин 48 соат ичида Эрондан бир нечта асосий масалалар бўйича жавоб кутмоқда. Ҳозирча ҳеч нарса келишиб олинмаган, аммо манбаларнинг айтишича, томонлар келишувга ҳеч қачон бунчалик яқин бўлмаган.

Келишувга кўра, Эрон уранни бойитишга мораторий жорий этиш мажбуриятини олади, АҚШ санкцияларни бекор қилишга ва Эроннинг музлатилган миллиардлаб маблағларини блокдан чиқаришга рози бўлади, иккала томон ҳам Ҳўрмуз бўғози орқали транзитга қўйилган чекловларни бекор қилади.

Меморандумда баён этилган шартларнинг аксарияти якуний келишувга эришишга боғлиқ бўлади, бу эса урушнинг қайта бошланиш эҳтимоли ёки ҳозирги ноаниқ ҳолатни очиқ қолдиради, чунки жанговар ҳаракатлар тўхтатилган, аммо узоқ муддатли ечим ишлаб чиқилмаган.

Axios нашрининг эслатишича, Вашингтон музокараларнинг олдинги раундларида ва ҳозирги уруш пайтида келишувга эришиш бўйича бир неча бор оптимизмни билдирган, аммо ҳозирча бунга эришиб бўлмади. Бироқ, ҳозир икки америкалик амалдор президент Трампнинг Ҳўрмуз бўғозида яқинда эълон қилинган операциядан воз кечиш ва мўрт сулҳни бузишдан қочиш қарори музокаралардаги тараққиёт натижаси бўлганини айтди.

Шу билан бирга, Оқ уй Эрон раҳбарияти бўлинган ва унинг турли фракциялари ўртасида консенсусга эришиш қийин бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Баъзи америкалик амалдорлар дастлабки келишувга эришиш истиқболларига ҳамон шубҳа билан қарамоқда.

Нимани келишиб олиш кўзда тутилмоқда?

Трампнинг элчилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Эроннинг бир қанча расмийлари билан бевосита ва воситачилар орқали 14 банддан иборат ўзаро англашув меморандумини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Axios. Нашрнинг ёзишича, меморандум минтақада уруш тугаганини ва бўғознинг очилиши, Эроннинг ядровий дастурини чеклаш ва Теҳронга нисбатан АҚШ санкцияларини бекор қилиш бўйича батафсил келишув доирасида 30 кунлик музокаралар даври бошланганини эълон қилади. Бу музокаралар Исломобод ёки Женевада ўтказилиши мумкин.

Америкалик амалдорлардан бирининг сўзларига кўра, ушбу 30 кунлик даврда Эроннинг бўғоз орқали кема қатновига қўйилган чекловлари ва АҚШ денгиз блокадаси босқичма-босқич олиб ташланади.

Агар музокаралар муваффақиятсизликка учраса, Америка қўшинлари блокадани тиклаши ёки ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин.

Уранни бойитишга мораторийнинг давомийлиги фаол музокаралар мавзусидир: учта манба унинг камида 12 йил давом этишини, биттаси эса эҳтимолий натижа 15 йил бўлишини таъкидламоқда. Аввалроқ Эрон бойитишга 5 йиллик мораторий таклиф қилган, АҚШ эса 20 йил талаб қилган эди.

АҚШ келишувга Эроннинг бойитиш шартларини бузиши мораторий муддатини узайтириши тўғрисидаги қоидани киритмоқчи, деди манба. Ушбу муддат тугагач, Эрон уранни паст даражадаги 3,67 фоизгача бойитиши мумкин бўлади.

Меморандумда Эрон ядровий қурол яратишга интилмаслиги, шунингдек, кучайтирилган текширувлар режимига, жумладан, БМТ инспекторлари томонидан режадан ташқари текширувларга риоя қилиш мажбуриятини олади. Америкалик амалдорнинг сўзларига кўра, томонлар Эрон ерости ядровий объектларидан фойдаланмаслик мажбуриятини олган бандни муҳокама қилмоқда.

Axios, шунингдек, икки манбага таяниб, Эрон ўзининг юқори даражада бойитилган уранини мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлишини маълум қилди. Бу АҚШ асосий талабларидан бири бўлиб, Теҳрон илгари бунга рози бўлмаган. Эҳтимол, уран АҚШга олиб кетилади.

Меморандум доирасида АҚШ Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни босқичма-босқич бекор қилиш ва бутун дунё бўйлаб музлатилган Эроннинг миллиардлаб доллар маблағларини блокдан чиқариш мажбуриятини олади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид