Иқтисодиёт | 18:31 / 26.05.2026
2952
4 дақиқада ўқилади

Кичик бизнес учун ҚҚСга ўтиш чегараси оширилди

2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдор 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилади. Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ихтиёрий 6 фоизлик ҚҚС режими жорий этилади. Ишончли тадбиркорларга ҚҚС автоматик қайтариб берилади. ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар билан танишди.

Маълумки, амалдаги айрим тартиботлар бизнеснинг табиий ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Масалан, кичик бизнес субъектлари тушуми 1 миллиард сўмгача бўлганда соддалаштирилган солиқ режимида ишлайди. Ушбу чегарадан ошганда эса қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлашга ўтади.

Мазкур чегара 2019 йилда белгиланган бўлиб, ўтган даврда нархлар сезиларли равишда ошди. Натижада айрим тадбиркорлар 1 миллиард сўмлик чегарага яқинлашганда айланмани яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни бир нечта субъектга бўлиш амалиётига ўтмоқда.

Шу сабабли 2026 йил 1 июндан кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдорни 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга ошириш таклиф қилинди.

Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Унга кўра, тадбиркорлар ихтиёрий равишда 6 фоиз ставкада ҚҚС тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши ёки амалдаги умумий тартибда ишлашни давом эттириши мумкин бўлади.

Бу орқали кичик бизнес учун солиқ ҳисоблаш ва тўлаш жараёни соддалашади, маъмурий юк камаяди, айланмаларни яшириш ва бизнесни сунъий бўлишга рағбат пасаяди.

ҚҚС маъмуриятчилигидаги мураккабликлар ҳам таҳлил қилинди. ҚҚСга ўтган тадбиркорларда ҳисоботлар сони 2 бараварга ошмоқда. 2025 йилда ҳисоботларда хато аниқланган солиқ тўловчиларнинг 77 фоизи ҚҚС тўловчиларининг ҳиссасига тўғри келган.

Шу боис, паст хавф даражасига эга тадбиркорлар учун ҚҚСнинг салбий фарқини автоматик қайтариш, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартибини бекор қилиш, импорт бўйича мажбурий ҚҚСга ўтиш амалиётини қайта кўриб чиқиш ва банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш таклиф этилди.

Кичик бизнес субъектларига нисбатан маъмурий босимни камайтириш мақсадида тадбиркорга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш ҳамда солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувини ўтказмаслик тартибини жорий этиш таклиф қилинди.

Умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасида ҳам бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд шаклда реализация қилишга рухсат бериш, ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улуши доир талабни бекор қилиш, айрим ходимларни соддалаштирилган тарзда расмийлаштириш таклиф қилинди.

Ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти учун қонуний ўсиш имкониятини ошириши кутилмоқда. Солиқ базаси шаффофлашиши ҳисобига бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум тушиши прогноз қилинмоқда.

Президент ушбу таклифларни маъқуллаб, кичик бизнесга қулай ва адолатли шароит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорларни фаолиятини кенгайтиришга рағбатлантириш ва ишончини мустаҳкамлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Аввалроқ ССП раиси Даврон Ваҳобов ҚҚСни осон ва тез қайтариб олиш таъминланиши, ставка эса 6 фоизга туширилиши таклифини берганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид