Президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар билан танишди.
Маълумки, амалдаги айрим тартиботлар бизнеснинг табиий ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Масалан, кичик бизнес субъектлари тушуми 1 миллиард сўмгача бўлганда соддалаштирилган солиқ режимида ишлайди. Ушбу чегарадан ошганда эса қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлашга ўтади.
Мазкур чегара 2019 йилда белгиланган бўлиб, ўтган даврда нархлар сезиларли равишда ошди. Натижада айрим тадбиркорлар 1 миллиард сўмлик чегарага яқинлашганда айланмани яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни бир нечта субъектга бўлиш амалиётига ўтмоқда.
Шу сабабли 2026 йил 1 июндан кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдорни 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга ошириш таклиф қилинди.
Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Унга кўра, тадбиркорлар ихтиёрий равишда 6 фоиз ставкада ҚҚС тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши ёки амалдаги умумий тартибда ишлашни давом эттириши мумкин бўлади.
Бу орқали кичик бизнес учун солиқ ҳисоблаш ва тўлаш жараёни соддалашади, маъмурий юк камаяди, айланмаларни яшириш ва бизнесни сунъий бўлишга рағбат пасаяди.

ҚҚС маъмуриятчилигидаги мураккабликлар ҳам таҳлил қилинди. ҚҚСга ўтган тадбиркорларда ҳисоботлар сони 2 бараварга ошмоқда. 2025 йилда ҳисоботларда хато аниқланган солиқ тўловчиларнинг 77 фоизи ҚҚС тўловчиларининг ҳиссасига тўғри келган.
Шу боис, паст хавф даражасига эга тадбиркорлар учун ҚҚСнинг салбий фарқини автоматик қайтариш, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартибини бекор қилиш, импорт бўйича мажбурий ҚҚСга ўтиш амалиётини қайта кўриб чиқиш ва банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш таклиф этилди.
Кичик бизнес субъектларига нисбатан маъмурий босимни камайтириш мақсадида тадбиркорга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш ҳамда солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувини ўтказмаслик тартибини жорий этиш таклиф қилинди.











