Иқтисодиёт | 12:21 / 03.05.2023
34808
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларнинг банкдаги пулларига ноқонуний дахл қилганлар 7 йилгача қамалади

Сенат маъқуллаган қонун билан, тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобидан уларнинг розилигисиз ноқонуний равишда пул ечиб олганлик ёки ортиқча ундирилган пулни вақтида қайтармаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти. Сенат раиси Танзила Норбоева бу қонун, хусусан, солиқ органларига масъулият ва жавобгарлик юклашини айтди.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг 3 май кунги ялпи мажлисида тадбиркорларнинг банк ҳисобварақлариаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга доир қонун маъқулланди.

Қонун билан, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланяпти.

Хусусан, бу ҳуқуқбузарлик учун айбдорга БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6,6 млн сўмдан 13,2 млн сўмгача) миқдорда маъмурий жарима киритиляпти.

Тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати айбдор томонидан унга маъмурий жазо қўллангандан кейин ҳам содир этилса, жиноятнинг тоифасига қараб БҲМнинг 200 бараваридан 600 бараваригача (66 млн сўмдан 198 млн сўмгача) жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева бугунги кунда бундай ҳуқуқбузарлик учун жазо йўқлигини айтди.

“Мамлакатимизда 530 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Агар уларда меҳнат қилаётганлар сони инобатга олинса, қонунчиликдаги мазкур ўзгартишлар миллионлаб кишиларнинг манфаатларига бевосита ва билвосита дахлдор эканини тушуниш қийин эмас. Киритилаётган мазкур нормалар биринчи навбатда, солиқ органлари, банклар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга катта масъулият ва жавобгарлик юклайди”, – деди Норбоева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойида Тошкентда солиқчилар фойда солиғидан авансни ноқонуний тарзда ҳисоблаб, тадбиркорлар ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олган эди. Бу кескин эътирозга сабаб бўлиши ортидан, 5 нафар мулозим, хусусан Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ва пойтахтнинг бош солиқчиси жазога тортилиб, ортиқча ундирилган пулларни қайтариш чоралари кўрилган эди.

Мавзуга оид