Ўзбекистон | 18:46 / 02.11.2021
8347
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Янги уй-жой массивлари нархини ҳозирги даражада ушлаб қолиш зарур

Бугунги кунда уйларнинг бир квадрат метри учун нарх 4,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу боис, уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, «Янги Ўзбекистон» мавзеларини барпо этиш ҳамда шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш учун келгуси йилда 15 триллион сўм ажратилиши зарурлиги айтилди. Бунда:

  • кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;
  • давлат ер ажратиш ва аҳолига ипотека кредитини бериш мажбуриятини олади;
  • ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 триллион сўм йўналтирилади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;
  • 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.

«Янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш зарур. Айтиш жоизки, бугунги кунда уйларнинг бир квадрат метри учун нарх 4,5 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Шу боис, уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади.

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.

Шунингдек, келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади», дея президентнинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди.

«Шу билан бирга, бугун цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга (1 тоннаси учун 22,5 минг сўмгача) камайтирилади.

Бу эса 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қисқартириш (354 минг сўмдан 328 минг сўмгача) имконини беради. Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади.

Шунинг учун, вилоят ҳокимлари берилаётган имкониятилар ҳисобига уй-жой нархларини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича масъул бўлади ва айнан шу масалада бугун ҳисобот беради», деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, Kun.uz цемент учун солиқ ставкаси пасайтирилгач нарх қанчага арзонлаши борасида мақола эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 октябрдан цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун фойда солиғи 15 фоизга, 2022 йил 1 январдан эса ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 45 минг сўмдан 22 минг сўмга пасайтирилиши белгиланган.

Мавзуга оид