Ўзбекистон | 22:21 / 27.09.2022
37237
2 дақиқада ўқилади

«Баъзилар ўзларини гўё хонлардек тутиб, тўрачилик кайфиятига берилиб кетган» — Сардор Умрзоқов

Расмий фото

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов видеоселектор йиғилишида оёғи ердан узилган раҳбарлар ва маишатбоз раҳбарларни танқид қилди.

«Ўрганишлар натижаси ва бизга турли манбалардан етиб келган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим вазирлар ва ҳокимларнинг оёғи ердан узилиб қолган.

Баъзи вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлик ёки идораларнинг масъул раҳбарлари ўзларини гўё хонлардек тутиб, тўрачилик кайфиятига берилиб кетганлар», дея администрация раҳбарининг сўзларини келтирган ЎзА.

Сардор Умрзоқов маишатбоз раҳбарлар ҳақида ҳам гапирган.

«Бундай хунук ҳолатларни фақат биз эмас, бутун халқимиз, кенг жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Жамият уйғонган, жамоатчилик назорати кучайган бугунги замонда ҳеч бир мутасаддининг юриш-туриши назардан четда қолмайди.

Ҳурматли президентимиз юксак ишонч билдириб айтган «Ҳокимлар — менинг вакилим» деган сўзларини суиистеъмол қилиб, бундай шарафли масъулиятни унутган ҳокимларни, халқни алдаш, маишатбозлик қилиш, ислоҳотларга беписанд қараш билан кун ўтказаётган масъул шахсларни ким деб аташ мумкин?» деган у.

Бугун ҳақоратомуз аудиолар ортидан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга жарима жазоси қўлланди. Шунингдек, фуқароларни пойгакда қабул қилган Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев ва меҳмонхонада ўзини тута олмаган «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов ортидан ишдан кетди.

Мавзуга оид